НАТО тилга кирди. Украинага қурол етказиб берилади ва Россия чегарасига катта қўшин киритилади
Олам
−
26 Февраль 2022
48191Кеча, 25 февраль куни НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россия босқини ортидан юзага келган хавф сабабли Украинага чегарадош мамлакатларга катта қўшин киритилиши ҳақида маълум қилди. Бундан ташқари, у Украинага НАТО томонидан ҳам қуруқлик, ҳам ҳаво мудофасини таъминлаш учун зарурий қурол-яроқ етказиб берилишини қўшимча қилган.
Столтенбергнинг таъкидлашича, НАТО қуруқлик, ҳаво, денгиз ва махсус операция кучларидан иборат тезкор жавоб ҳарбий қисмларни альянсга иттифоқдош ҳудудларга жойлаштирмоқда.
Бош котибга кўра, НАТОга аъзо 30 та давлат Украинага ўз мудофасини таъминлаш учун энг замонавий қурол-яроқ етказиб беришга келишиб олган. Аммо НАТО раҳбари Украинага айнан қайси турдаги ҳарбий техникалар етказиб берилишини очиқламаган.
“Иттифоқчилар Украинага ёрдамни давом эттиришга содиқ қоладилар. Биз НАТОнинг жавоб кучларини биринчи марта коллектив мудофаа ҳудуди бўйлаб жойлаштирмоқдамиз. Ҳеч қандай тушунмовчилик ёки нотўғри ҳисоб-китобларга ўрин бўлмайди. Биз альянсга аъзо ҳар бир иттифоқчининг хавфсизлигини таъминлаш ва НАТО ҳудудининг ҳар бир қарич ерини ҳимоя қилиш учун қўлимиздан келган барча нарсани қиламиз”, деган Столтенберг.
Бундан ташқари, у Россияни Украинадаги ҳокимиятни ағдаришга уринишда айблаган.
“Биз хабарларда риторикани кўряпмиз, бу эса ҳужумдан мақсад Киевда демократик йўл билан сайланган ҳукуматни ағдариш эканлигини кўрсатмоқда”, дея билдирган Столтенберг.
Унга кўра, Украина билан чегарадош ҳудудлар бўйлаб, ҳозирда Франция томони етакчилик қилаётган НАТОнинг жуда юқори тайёргарликдаги қўшма ҳарбий гуруҳидан 40 000 аскар жойлаштирилади.
Қўшинларнинг асосий қисми Россия ва Украинага чегарадош Эстония ҳамда Болгариянинг Қора денгиз қирғоқлари бўйлаб жойлаштирилиши маълум қилинган.
LiveБарчаси