НАТО саммитида илк бор қатнашган Байден қандай кутиб олинди? 

Олам 4186
image

Аввал хабар берганимиздек, кеча, 14 июнь куни Брюсселда НАТО саммити бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор АҚШ Президенти Жо Байденга қаратилди. Саммитда Байден алоҳида иштиёқ билан кутиб олинди. 

Байден НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан суҳбатда ташкилотнинг Америка учун фойдаси катта эканини таъкидлаган. 

“НАТО АҚШ манфаатлари учун жуда муҳимдир. Агар у бўлмаганида, биз уни ихтиро қилишимиз керак эди”, деган Байден. 

Шунингдек, Байден Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддасини “муқаддас бурч” деб атади. Ушбу банд альянснинг бир мамлакатига қилинган ҳужум барчага қилинган ҳужум сифатида қабул қилинишини таъкидлайди. 

Столтенберг эса Европа Америкага “ишониши” мумкинлиги учун Байдендан миннатдорчилигини яширмаган. Германия канцлери Ангела Меркель НАТО ушбу саммитда Байден билан биргаликда “янги боб очишга” қодирлигини таъкидлаган. Шунингдек, у Американинг янги Президенти иттифоққа ва 5-моддага содиқлигини айтганидан хурсандлигини билдирган. 

Таъкидланишича, Байден журналистлар билан ўтказилиши керак бўлган матбуот анжуманини режалаштирилганидан деярли уч соат кеч бошлаган.  

“Биламан, Брюссель вақти билан соат 21:30 бўлди ва мен ҳали ҳам НАТОдаман. Ҳаммангиз бундан хурсанд эканлигингизни кўряпман”, деган Байден ҳазиллашиб. 

Журналистларни энг кўп қизиқтирган масала 16 июнь куни Женевада ўтказиладиган Байден-Путин (Россия президенти Владимир Путин — таҳр.) учрашуви бўлган. 

“Мен Президент Путинга Россия билан зиддият изламаётганимни айтаман. Аммо Россия зарарли фаолиятини давом эттирса, биз ҳам муносабат билдирамиз”, деган Байден журналистларга. 

Шунингдек, у Путинга иложи бўлган соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилишини таъкидлаган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 166
Рейтинг: 3
Теглар
t
×