НАТО Россияга қарши режа устида бош қотирмоқда – ОАВ 

Олам

image

НАТО ҳарбий-сиёсий альянсига аъзо давлатларнинг Мудофаа вазирлари Россиянинг Европага қилиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳужумига қарши туриш учун янги режани тасдиқлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги ёзмоқда.

Нашрнинг ёзишича, НАТО Мудофаа вазирлари бугун, 21 октябрь куни бир нечта жабҳаларда ҳар қандай эҳтимолий ҳужумдан ҳимояланиш бўйича янги кенг қамровли режани келишиб олиш ниятида. 

Қайд этилишича, альянс ҳозир Хитойга аввалгидан кўра кўпроқ эътибор қаратаётганига қарамай, НАТО “ҳамон Москвани тийиб туришга қатъий қарор қилган”.

“Режада Болтиқбўйи ва Қора денгиз минтақаларида бир вақтнинг ўзида ҳар қандай ҳужум, шу жумладан, ядровий қурол, кибер қурол ва космик тизимлардан фойдаланиш эҳтимоли кўзда тутилган”, дейилади хабарда. 

Хабарга кўра, агар катта зиддият келиб чиқса, унда барча ҳудудаларда ҳарбий операциялар амалга оширилади. Бир вақтнинг ўзида турли хил воқеалар содир бўлиши мумкин, бу ҳар томонлама тайёргарликни талаб қилади.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 21 октябрь куни бошланган НАТОга аъзо давлатларнинг Мудофаа вазирлари учрашуви эртага, 22 октябрь куни ҳам давом этади. Ушбу учрашув давомида Россия ва НАТОнинг Брюссель ва Москвадаги ваколатхоналари ёпилишининг эҳтимолий оқибатлари кўриб чиқилади. 

Эслатиб ўтамиз, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ноябрь ойининг бошидан мамлакатнинг НАТОдаги доимий миссияси фаолияти тўхтатилишини маълум қилганди. Бунга қадар Шимолий Атлантика альянси Россиядаги доимий ваколатхонасининг саккиз нафар ходимини аккредитациясини бекор қилганди. 

Маълумот учун, НАТО 30 та давлатни ўз атрофида бирлаштирган ҳарбий-сиёсий блок ҳисобланади. Ушбу альянс 1949 йилда АҚШда Европа давлатларини СССР ҳужумидан ҳимоя қилиш мақсадида тузилган. Бироқ, СССР қулагандан кейин ҳам НАТО ўз фаолиятини тўхтатмади, балки Россия томон географик жиҳатдан ўз таъсирини кенгайтириб борди. 

Қайд этиш керакки, ушбу альянснинг асосий тамойили – агар ҳарбий блок аъзосига ҳужум бўлса, НАТОнинг қолган аъзолари уни ҳимоя қилиш ва душманга қарши куч ишлатишга ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

281

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг