НАТО кенгайишнинг тўққизинчи тўлқинига тайёрланмоқда
Олам
−
30 Июнь 2022
8284Шимолий Атлантика альянси кенгайишнинг тўққизинчи тўлқинига тайёргарлик кўрмоқда. Бундан 73 йил аввал 12 давлат томонидан тузилган ҳарбий-сиёсий блок бугунга келиб 30 та давлатни бирлаштирди.
Икки Скандинавия давлатининг Туркия билан имзолаган уч томонлама меморандуми туфайли Швеция ва Финляндиянинг НАТО аъзолигига таклиф этилган давлатлар мақомини олиши иттифоқнинг янада кенгайиши мавзусини долзарблаштирди.
НАТОнинг асоси Иккинчи Жаҳон Урушидан кейинги даврда Бельгия, Нидерландия, Люксембург, Франция ва Буюк Британия томонидан жамоавий мудофаа мақсадида имзоланган Брюссел пакти томонидан қўйилган. Бироқ 1949 йил 4 апрелда Брюссел пакти ўрнига АҚШ, Канада ва Европанинг 10 та давлати томонидан НАТО блоки пайдо бўлди.
НАТО блоки ўзининг “очиқ эшиклар” сиёсатидан ҳеч қачон воз кечмаган ва сўнгги 70 йилликда саккиз марта кенгайиб, аъзо давлатлар сонини 30 тага етказган.
Альянсга Европа давлатларидан биринчи бўлиб Исландия, Буюк Британия, Франция, Бельгия, Нидерландия, Люксембург, Норвегия, Дания, Италия ва Португалия қўшилди. 1952 йил ташкилотга Греция ва Туркия, 1955 йилда Германия аъзо бўлди. 1982 йилда Испания иттифоққа қўшилди.
1999 йилда Чехия, Венгрия ва Польша, 2004 йилда Болгария, Латвия, Литва, Эстония, Руминия, Словакия ҳамда Словения, 2009 йилда Албания ва Хорватия, 2017 йилда Черногория ҳарбий-сиёсий блокка аъзо бўлди.
НАТОнинг сўнгги кенгайиши 2020 йилда Шимолий Македониянинг қўшилиши билан амалга оширилди.
НАТОнинг “очиқ эшиклари” сиёсатига қарамай, ташкилотга қўшилиш узоқ ва кўп босқичли процедураларни ўз ичига олади. Бунинг учун альянсга аъзо 30 давлатнинг ҳар бирининг розилиги талаб қилинади.
Қабул қилиш жараёни Швеция ва Финляндия мисолида бўлгани каби НАТО раҳбарларининг Иттифоқнинг янги аъзосини таклиф қилиш қарори билан бошланади.
Кейинчалик, Брюсселда номзод мамлакатларнинг альянснинг сиёсий, ҳуқуқий ва ҳарбий параметрларига мувофиқлиги масаласи муҳокама қилинади. Аъзо бўлишни хоҳлаган мамлакатнинг аризасида ислоҳотлар бўйича мажбуриятлар ҳам бўлади.
Шундан сўнг, НАТО Вашингтон шартномасига янги қўшилиш протоколларини тайёрлайди. Ушбу протоколлар Иттифоққа аъзо мамлакатлар томонидан имзоланади ва кейин маҳаллий қонунлар ҳамда тартибларга мувофиқ иттифоқчиларнинг ҳар бири томонидан тасдиқланиши керак.
Процедуралар тугагандан сўнг, НАТОга аъзо давлатлар Вашингтон шартномаси сақланадиган Қўшма Штатларни протоколларни тасдиқлаш тўғрисида хабардор қилади.
Ушбу босқичларнинг барчаси тугагандан сўнг, НАТО Бош котиби янги аъзони Иттифоққа қўшилишга таклиф қилади.
Номзод мамлакат ички ҳуқуқий тартиб-қоидаларни бажариб, НАТО блокига қўшилиш, иттифоқнинг тўлиқ аъзоси бўлиш тўғрисидаги ҳужжатни АҚШга топширади.
НАТО дунёдаги энг қудратли ҳарбий альянс сифатида кўплаб мамлакатлар билан ҳамкорлик қилади ва ўзаро ўқув машғулотлари ўтказади, ҳарбий мутахассислар тайёрлаб беради. Жумладан, Ўзбекистон билан ҳам 1994 йил 13 июлда ўзаро ҳамкорлик битими имзоланган.