НАТО қўшинларининг Украинага кириши Учинчи жаҳон урушини англатади – Италия ТИВ
Олам
−
16 Март
7087Италия Ташқи ишлар вазири Антонио Таяни НАТО қўшинлари Украинага кирмаслиги кераклигини айтди. Бу ҳақда у Верона шаҳридаги тадбирда сўз очди.
Унинг фикрича, агар НАТО қўшинлари Украинага кирса, Учинчи жаҳон уруши бошланади.
“НАТО Украинада бўлмаслиги керак, деб ўйлайман. Умид қиламанки, бу содир бўлмайди. У ерга бориб, Россия билан уруш бошлаш Учинчи жаҳон уруши хавфини англатади”, дейди Таяни.
Шунингдек, вазир мамлакат халқаро ҳуқуқ ва Украина эркинлигини ҳимоя қилишини, аммо Россия билан урушда эмаслигини ҳам таъкидлаган.
“Биз Киевни барча турдаги ҳарбий, иқтисодий ва техник воситалар билан таъминлаймиз, аммо урушга кириш менга хатодек туюлади ва италияликларнинг ҳаммаси ҳам буни хоҳламайди”, дейди ТИВ раҳбари.
Украинага Италия қўшинларини киритиш масаласи йўқлигини тасдиқлаган Таяни мамлакат армияси Қизил денгиз, Ливан, Ироқ ва Африкадаги савдо кемаларини ҳимоя қилишда яхши иш қилганини ва тинчлик ташувчиси эканини урғулаган.
Эслатиб ўтамиз, Франция Президенти Эммануэль Макрон НАТО қўшинларини Украинага юбориш ҳақида нутқ сўзлаганди. Унинг нутқидан сўнг, Украинага қўшин юбориш ғояси кўплаб Ғарб давлатлари, жумладан Германия, Болгария, Буюк Британия, Венгрия, Испания, Италия ва Чехия томонидан рад этилди. Польша эса бу ғояни маъқуллади. НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг альянснинг Украинага қўшин юбориш режаси йўқлигини таъкидлади.
LiveБарчаси