НАТО Бош котиби ўзгарди
Олам
−
21 Июнь
12778НАТОнинг навбатдаги Бош котиби этиб Нидерландия Бош вазири Марк Рютте тайинланди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Рютте номзоди кеча, 20 июнь куни альянснинг барча 32 аъзоси томонидан маъқулланган, бироқ расмий тасдиқ фақат июль ойида Вашингтонда бўлиб ўтадиган НАТОнинг навбатдаги саммитида олинади. У ваколати октябрь ойида тугайдиган амалдаги Бош котиб Йенс Столтенберг ўрнига тайинланди.
Унинг ягона рақиби, Руминия Президенти Клаус Йоханнис ўз номзодини қайтариб олиши ҳақида иттифоқ мамлакатларига маълум қилди ва даврани голланд учун бўшатиб берди. 57 ёшли Рютте бу лавозимни давом этаётган Россия-Украина можароси, шунингдек, агар Дональд Трамп ўз лавозимига қайтса, молиялаштириш қисқариши ва АҚШнинг ташкилотдаги роли қисқариши мумкин бўлган оғир шароитда эгаллайди.
Рютте Нидерландия сиёсатини тарк этишини эълон қилганидан кейингина альянснинг юқори лавозимига тайинлана олади. У ўтган йил июль ойида, ҳукмрон коалиция парчаланганидан сўнг, ҳозиргача муваққат ҳукуматни бошқаришда давом этишига ваъда берган, бироқ яна сайловда қатнашиш ниятида эмас эди. Нидерландияда жорий йилнинг май ойи охирида бўлиб ўтган умумий сайловлардан сўнг янги коалиция тузилган эди. Уни тузган тўртта партия Дик Шуфнинг Бош вазирликка номзоди бўйича келишиб, Рюттенинг истеъфога чиқишига имкон бермоқда.
Нашрнинг ёзишича, Рюттенинг номзоди Европа сиёсатининг юқори поғонасидаги 14 йиллик фаолияти ва Украинани доимий қўллаб-қувватлагани инобатга олинган ҳолда, НАТОнинг аксарият мамлакатларида, жумладан, альянснинг асосий аъзолари – АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германияда ижобий қабул қилинган.
Бироқ дастлаб уч давлат Туркия, Венгрия ва Руминия потенциал раҳбарга нисбатан ўз эътирозларини билдирганди ва бу номзодга қарши эди. Марк Рютте эса норози томонлар билан бирма-бир консенсусга эришиш йўлидан борди.
У дастлаб, шу йилнинг апрель ойида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан суҳбатлашиш учун унинг ҳузурига шахсан борганидан сўнг расмий Анқара ўз эътирозларини қайтариб олди ва Рюттега имкон беришга қарор қилди. Венгрия билан эса вазият бироз мураккаброқ эди. Бироқ 18 июнь куни Нидерландия Бош вазири Венгрия ҳукуматидан Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни талаб қилмаслигига ваъда берганидан кейин Будапешт ҳам ўзининг бу борадаги дастлабки позициясини ўзгартирди. Руминия билан барчаси жуда силлиқ кечди. Мамлакат Президенти Клаус Йоханнис ўз номзодини қайтариб олгандан сўнг, Руминия Мудофаа кенгашидан Рюттени қўллаб-қувватлашни сўради ва бу амалга ошди.