НАТО Бош котиби ўринбосари Россия учун хавотирли баёнот берди

Олам 33601
image
-

Швеция ва Финляндия НАТОга қўшилса, альянс мазкур давлатларга ҳам ядро қуролини жойлаштириши мумкин. НАТО Россияга стратегик қуролларни жойлаштирмаслик бўйича кафолат бермайди. Бу ҳақда ташкилот Бош котиби ёрдамчиси Камиль Гран Швейцариянинг RTS телекомпаниясига берган интервьюсида маълум қилди.

“Ҳар бир давлат ядровий соҳада қуролни қабул қилиш ёки қабул қилмаслик эркинлигига эга. Биз чекловлар киритиш ҳақида гапирмаяпмиз”, дейди у теледастур бошловчисининг Россияга кафолатлар берилиши ёки берилмаслиги ҳақидаги саволига жавоб берар экан.

Граннинг сўзларига кўра, НАТО келажакда Финляндия ва Швецияда ўзининг ядро қуролини жойлаштириш мумкин. Ядро қуроли масаласини альянсга аъзо ҳар бир давлат суверен тарзда ҳал қилади.

Журналист Камиль Гранга “НАТО Россиядан Финляндия ва Швециянинг иттифоққа қўшилишига жавобан ҳарбий реакция кутадими?”, деган савол билан юзланган.

“Россиянинг ўзи бу зарур эмаслигини айтган ва шундай экан, мен буни ўйламайман”, дея жавоб қайтарган Гран.

Бош котиб ёрдамчиси Туркия, Финляндия ва Швеция ўртасидаги Хельсинки ҳамда Стокгольмнинг иттифоққа қўшилиш истаги борасидаги келишмовчиликлар Мадридда 28-30 июнь кунлари бўлиб ўтадиган НАТО саммитида ҳал қилинишига умид билдирган. 

“Туркиянинг талабларини инобатга олиш ва музокара столига ўтириш муҳим. Финляндияга келсак, туркларнинг талаблари биринчи навбатда сиёсийдир”, дейди у.

Киевнинг НАТО билан алоқалари мавзусига тўхталар экан, Гран Украинанинг альянсга кириши масаласи ҳозирда “кун тартибида эмас”лигини таъкидлаган.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилиши

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.

18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Эрдўған эса Туркия ушбу икки давлатнинг НАТОга киришига йўл қўйиб, Греция билан йўл қўйган хатосини такрорламаслигини айтди.

29 майга келиб Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Швеция ва Финляндия делегациялари билан ушбу мамлакатларнинг НАТОга аъзо бўлиш масаласи бўйича музокаралар натижаларидан норози эканини билдирди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 317
Рейтинг: 3
t
×