НАТО Бош котиби Украинанинг ўрни қаердалигини айтди

Олам

image

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Киевга кутилмаган ташрифи чоғида Россия билан қарама-қаршилик тугагунига қадар Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини маълум қилди.

Уруш бошланганидан бери илк бор Украинага келган НАТО Бош котиби ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Киевда бўлгани ва Президент Зеленский билан учрашганидан жуда фахрланишини айтган.

Ўз навбатида, НАТО веб-сайтида чоп этилган пресс-релизда Столтенберг ва Зеленский ўртасидаги учрашув якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказилгани маълум қилинган.

НАТО Бош котиби украиналикларга мурожаат қилар экан, альянс Украинани Россия билан қарама-қаршиликда қўллаб-қувватлашини таъкидлаган. 

“НАТО бугун, эртага ва охиригача сиз билан”, деган Столтенберг.

Бош котибнинг айтишича, 2022 йил февралидан бери НАТО иттифоқчилари Украинага 150 миллиард евро миқдорида ёрдам кўрсатган, шундан 65 миллиард евро ҳарбий ёрдамдир.

Шунингдек, Столтенберг ўн минглаб украиналик ҳарбийлар тайёрлангани, етказилган қирувчи самолётлар, танклар, зирҳли техникалар жанг майдонидаги вазиятни ўзгартирганини таъкидлаган.

Бош котибнинг қайд этишича, иттифоқчиларнинг хавфсизлик манфаатлари Украинанинг қўллаб-қувватлашини талаб қилади.

“Украинанинг ўрни Евроатлантика оиласида. Бу жой ҳақли равишда Украинага тегишли. Вақт ўтиши билан бизнинг қўллаб-қувватлашимиз бунга имкон беради”, деган Столтенберг.

Столтенберг Украинанинг НАТОга аъзолиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, бу Вилнюсдаги йиғилишда кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлишини айтган. 

“Мен Президент Зеленскийнинг Вилнюсдаги НАТО саммитида Украинанинг аъзолиги ва хавфсизлик кафолатлари масаласини кўтаришини тушунаман, бу кун тартибидаги устувор йўналишлардан бўлади”, дейди Столтенберг.

Бош котибнинг қайд этишича, альянс Украинанинг совет давридаги жиҳоз ва доктриналардан НАТО стандартларига ўтишини қўллаб-қувватлаш бўйича узоқ муддатли ташаббусни кўзда тутади. Бу эса НАТОнинг Украинага нисбатан узоқ муддатли мажбуриятларидан далолат беради.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Столтенберг НАТО Бош котиби

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг