НАТО аъзоларининг ярми Украинани альянсга таклиф қилишга тайёр – Киев
Олам
−
26 Июнь 2023
4415Жорий йилнинг 11-12 июль кунлари Вильнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида камида 15 давлат Киевнинг альянсга қўшилиши бўйича сиёсий қарор қабул қилишга тайёр. Бу ҳақда Украина Бош вазирининг Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича ўринбосари Ольга Стефанишина маълум қилди.
“Агар биз 30 балли ёки 31 балли шкала бўйича гапирадиган бўлсак (гап НАТОга аъзо давлатлар сони ҳақида кетмоқда), унда камида 15 балл бундай қарор зарурлигини аниқ тушунадиган давлатлар учундир”, деган Ольга Стефанишина Киевнинг саммитдан умидларини қондиришга қанча давлатлар тайёр экани ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
Унинг сўзларига кўра, Вильнюсда Украинани альянсга аъзоликка сиёсий таклиф қилиш бўйича қарор қабул қилиниши ва муддат эса ҳозирча муҳокама қилинмаслиги керак. Стефанишинанинг фикрича, альянснинг барча давлатлари, умуман олганда, Киевни қўллаб-қувватлайди ва иттифоқчиларнинг камида ярми бўлажак саммитда Украинани НАТОга таклиф қилиш қарорининг стратегик аҳамиятини аниқ англайди.
Айтиш жоизки, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Украинанинг можаро вақтида ташкилотга кириши мумкин эмаслигини, альянс давлатлари ва Киев буни тушунишини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, блокнинг Вильнюсдаги саммитида Украинани альянсга яқинлаштириш, Украина-НАТО кенгашини тузиш ва Киев расмийларига ҳарбий таъминотнинг кўп йиллик дастурини таъминлаш режалаштирилган. Ўз навбатида, Украина Президенти Владимир Зеленский НАТОга қўшилиш таклифининг йўқлиги мамлакат қуролли кучларини демотивация қилишини билдирган.
LiveБарчаси