НАТО ҳали Финляндияда жанговар гуруҳларни жойлаштиришни режалаштирмаяпти – “Bloomberg”
Олам
−
05 Апрель 2023
4119НАТО раҳбарияти ҳозирда Финляндияда иттифоқнинг жанговар гуруҳини жойлаштиришни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда “Bloomberg” агентлиги блокдаги манбасига таяниб хабар берди.
Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, мамлакат ўз ҳудудини ҳимоя қилиш бўйича аллақачон имконият ва катта тажрибага эга.
АҚШ ҳукуматидаги манбанинг агентликка маълум қилишича, Қўшма Штатлар Финляндияда жанговар гуруҳни жойлаштиришни ҳам режалаштирмайди.
Унинг қайд этишича, Хельсинки НАТОга бундай илтимос билан мурожаат қилмаган. Шу билан бирга, альянсдаги манба НАТО қўмондонлиги доимий равишда таҳдидларни баҳолаб боришини ва агар зарур деб ҳисобласа, (гуруҳларни жойлаштириш бўйича) бундай тавсияни бериши мумкинлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, Финляндия блокка қўшилганидан кейин Россиянинг альянс билан умумий чегараси 1300 км га ошади. Финляндия 2022 йил май ойида Швеция билан биргаликда НАТОга қўшилиш учун ариза берган. Финляндия аъзолигини охирги бўлиб тасдиқлаган Туркия ҳамон Швеция қироллигининг альянсга киришини блоклашда давом этмоқда, чунки Стокгольм Туркияда терроризмда айбланган қочоқларни экстрадиция қилиш бўйича Анқаранинг барча талабларини бажармаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 апрель куни Финляндия НАТО сафига расман қабул қилинди. Альянснинг Брюсселдаги қароргоҳида илк бор Финляндия байроғи кўтарилди.