NASA SLS ракетасида “Artemis” миссиясини Ойга учирди

Олам 3044
image

Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси (NASA) “Artemis” ой дастурининг биринчи босқичи доирасида Orion космик кемаси билан Space Launch System (SLS) ўта оғир ракета-ташувчисини учирди. Трансляция NASA сайтидан олиб борилмоқда.

Ракета Флоридадаги Жон Кеннеди номидаги космик марказ жойлашган ҳудуддан маҳаллий вақт билан соат 01:47 да (Тошкент вақти билан 11:47) учирилган. Космик кеманинг учувчисиз парвози 26 кун давом этиши кутиляпти.

Orion Ой атрофида икки марта айланиб, кейин Ерга қайтиб, Тинч океанига тушиши керак. “Orion” бортида учта манекен бор, улар, хусусан, парвоз пайтида радиация даражасини ўлчаш учун ишлатилади.

Дастлаб парвоз ёзда амалга оширилиши режалаштирилган эди, бироқ NASA мутахассислари дастлаб ракета двигателларидан бирида водород сизиб чиқишига дуч келишди. Кейин Флорида штатига бир нечта довуллар ёпирилди. Бу NASA мутахассисларини 2021 йилдан бери йиғилган ракетани ёмон об-ҳаводан ҳимоя қилиш учун уни ангарга қайтаришга мажбур қилди.

NASA 2019 йил баҳорида “Artemis” деб номланган астронавтларни Ойга қўндириш дастури уч босқични ўз ичига олишини эълон қилди. Биринчиси, Orion космик кемасининг янги Space Launch System ракетаси ёрдамида коинотга учирилиши бўлиб, у учувчисиз режимда Ой атрофида бир неча марта айланиб, Ерга қайтади. Иккинчиси, бортда экипаж билан Ернинг табиий йўлдоши атрофида парвоз қилиш. Учинчи босқичда NASA 2025 йилга бориб астронавтларни Ойга олиб чиқиб, 2030-йилларнинг ўрталарида уларни Марсга жўнатишни режалаштирмоқда.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 69
Рейтинг: 3
Теглар
t
×