Наргиз Зокирова рус матбуотида “ғирт қочқин” деб аталди
Маданият-санъат
−
23 Июль 2022
20484“Голос” лойиҳаси орқали Россияда машҳур бўлган таниқли хонанда Наргиз Зокирова рус оммавий ахборот воситалари нишони остида қолмоқда. У “Nation news” нашрида чоп этилган мақолада “ғирт қочқин” деб аталди ва бугунгача Россия заминида топган тузига тупургани айтилди.
Мақолада қайд этилишича, Россиянинг Украина устидан юритаётган“махсус ҳарбий операция”сини танқид қилаётган шоу-бизнес вакиллари ўз чиқишлари билан жамоатчиликни безовта қилишда давом этмоқда.
Шунингдек, улар айни вақтда нафақат аввалги эътибор ва машҳурлик, балки Россия заминида топилган мўмай гонорарлардан ҳам мосуво экани иддао қилинади. Бундай хонандалар орасида эса Наргиз Зокирова ҳам бор.
Мақолада ёзилишича АҚШ фуқароси бўлган Наргиз Зокирова 2013 йил АҚШнинг “X-Factor” мусиқий танловидаги омадсизликдан сўнг, Россияда саҳнага чиқиб, тезда продюсерлар назарига тушган ва ўз чиқишлари учун кўп миллионлик гонорарлар олишни бошлаган. Жумладан бастакор ва продюсер Максим Фадеев билан 2014 йилдан 2019 йилгача ҳамкорлик қилган Наргиз Зокирова ҳар бир концерти учун 1,5-2 миллион рубль, ижодий сермаҳсулликка эришган вақтида эса 10 миллион рублгача даромад кўрган. Муаллифнинг фикрича, бундай даромадни Владимир ёки Тула вилоятида истиқомат қилувчи россияликлар, ҳатто, йил давомида топишни орзу қилишади. Наргиз Зокирова эса бундай даромад ортидан қисқа фурсатда Москвадан хонадон сотиб олган.
Аммо россиялик мухлисларининг пулларида “сузган” хонанда ҳеч қачон фарзандларини АҚШдан Россияга кўчириб келмагани, бунинг сабаби, у Россияда ўзини хавфсиз ҳис этмаслиги ва унинг тўнғич қизи Россияни “мафия мамлакати” деб ҳисоблаши айтилган.
Наргиз Зокирова Россиянинг 24 февраль куни Украинага қарши бошлаган ҳарбий ҳаракатларини танқид қилгани ортидан Москванинг Домодедово аэропортида ҳибсга олингани ва 2072 йилгача мамлакатга кириши тақиқлангани алоҳида урғуланади.
“Россияни тарк этгач, у ўзини боққан жамиятга “миннатдорлик” сифатида: “Дўстларим, мен ниҳоят барча ижтимоий тармоқлар эркин ишлаётган, инсоният равнақи ва фаровонлиги ривожи учун ҳамма шароит мавжуд бўлган, цивилизациялашган дунёдаман”, дея ёзиб, унинг Россияга қарши позициясидан норози фикр билдирганларни блокламоқда”, дейилади мақолада.
Мақола муаллифи сиёсатшунос ва тарихчи Антон Бредихин рус солиқ тизимига ўз таклифини ҳам илгари сурган:
“Шу каби шахслар учун ҳам Россияда солиқ тизимини ислоҳ қилиш, уларга собиқ иттифоқда бўлгани каби белгиланган гонорар бериб, ундан ортган маблағни бюджетга тушириш керак”.
Муаллиф Наргиз Зокировага қўйилган тақиқ унинг ёши 100 дан ошганда тугаши, ва ҳатто у узоқ умр кўрган тақдирда ҳам Россияда концерт-томоша фаолиятини давом эттиролмаслиги кишини хурсанд қилишини айтади.
Эслатиб ўтамиз, 1995 йилда Наргиз Зокирова ота-онаси билан биргаликда АҚШга кўчиб ўтган. 2013 йилда у Россиянинг “Овоз” (“Голос”) телевизион лойиҳасида иккинчи ўринни эгаллайди, шундан бери у Россия Федерациясида ижодий фаолият билан шуғулланиб келаётган эди.
Хонанданинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаган сўнгги суратларидан у ҳозирда АҚШда эканлигини кўриш мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь