Намангандан 12709 гектар майдон Қирғизистонга берилиши мумкин

Жамият

image

Наманган вилояти Поп ва Чуст туманларидаги Ғовасой участкасидан 12709 гектар яйлов-ер майдонини Қирғизистонга ўтказиб берилиши мумкин. Бу банд акс этган “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари бугун, 14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кўриб чиқилмоқда. 

Йиғилишда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ўзи томонидан имзоланган шартнома бўйича тушунтириш берди. Унинг қайд этишича, Собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистон СССРнинг Кампиробод ёки Андижон сув омбори чап қирғоқ каналини қуриб бериш мажбурияти бўлган. Аммо бу бажарилмаган. 

“Собиқ Иттифоқ даврида сув омбори қурилган вақтда Ўзбекистон томонидан Кампиробод ёки Андижон сув омбори чап қирғоқ каналини қуриб бериш мажбурияти олинган. Лекин, ҳар хил сабаблар билан ушбу канал қурилмай қолиб кетган. Айнан шу мажбурият бажарилмагани боис Қирғизистон томони узоқ йиллар давомида катта миқдордаги – 8 мингдан ошиқ гектар ер майдонларини Бургандар массивида ўзлаштирмай қолган. Бу эса Қирғиз Республикаси иқтисодиётига ўзининг салбий таъсирини кўрсатганини таъкидлаб келишган. 

Канал қурилмагани сабабли ушбу ўзлаштирилмай қолган ер майдонларини компенсация қилиб бериш мақсадида олдиндан баҳсли бўлган – Наманган вилояти Поп ва Чуст туманларидаги Ғовасой участкасидан 12709 гектар яйлов-ер майдонини Қирғизистонга ўтказиб бериш таклиф этиляпти”, дейди Арипов. 

Шунингдек, Бош вазирнинг айтишича, бугунги кунда Наманган вилояти Косонсой ва Чуст туманларидаги 27 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришда асосий манба бўлиб ҳисобланадиган, сиғими 165 миллион куб метр бўлган Косонсой сув омборидан фойдаланиляпти. Қирғизистон ҳудудида 850 гектар ер майдонида жойлашган ушбу сув омбори тўлиқ Ўзбекистон эҳтиёжлари учун ишлатиб келинаётгани сабабли Қирғизистон томонига Наманган вилоятининг Чуст, Косонсой ва Янги Қўрғон туманлари ҳудудларидан 477 гектар ер майдонини компенсация тартибида ажратиш таклиф этиляпти. 

Ариповнинг урғулашича, Чуст туманидан ажратилиши таклиф этилаётган 105 гектар ер майдони Қирғизистон фуқаролари истиқомат қилиб келаётган баҳсли ҳудуд бўлган Қорақўрғон массиви ҳисобланади. 

Эслатиб ўтамиз, кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси билан қабул қилинаётган шартномага кўра, Ўзбекистон 4957 гектар майдонни эгаллаган Кампиобод сув омбори эвазига Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Пошахўр участкасидан 1019 гектар яйлов-ер майдони ажратишни таклиф қиляпти. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

705

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг