Намангандаги “роддом”да бир палатага ўндан ортиқ аёллар жойлаштирилиши ортидан ТТБ раҳбари “учди”
Жамият
−
05 Октябрь 2022
11221Ўз вазифасига масъулиятсиз ёндашган Наманган вилояти Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, ССВ ишчи гуруҳи томонидан Наманган вилоятида оналар ва болалар саломатлигини таъминлашга масъул тиббиёт муассасалари фаолияти танқидий ўрганилмоқда. Хусусан, дастлабки таҳлилларга кўра, 50 ўринли Чортоқ туман туғуруқ бўлимида шу йилнинг ўтган 9 ойида 3700 нафардан ортиқ ҳомиладор аёл фарзандли бўлган. Муассасада жорий йил сентябрь ойига қадар кунига ўртача 13 та туғуруқ амалга оширилган бўлиб, бу давр оралиғида шифохонанинг ортиқча юклама билан ишлаши деярли кузатилмаган.
Бироқ сентябрь ойида кунлик туғилишлар сони ўртача 20 тага ортиб кетгани боис, шифохонада ўрин-жойлар етишмовчилиги юзага келган.
Аммо туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти томонидан мазкур масалани ҳал этиш бўйича ўз вақтида керакли чора-тадбирлар кўрилмаган. Оқибатда ушбу туғуруқ бўлимидаги палаталарда ўрин-жойлар санитар-эпидемиологик талабларга риоя этилмаган ҳолда жойлаштирилган.
Яъни самарасиз ишлаётган стационар ўринлар ҳисобига ҳомиладор аёллар учун қўшимча ўрин-жойлар яратиш имконияти мавжуд бўла туриб, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти мазкур муаммога совуққонлик билан ёндашган.
Ана шуларни инобатга олган ҳолда, иш фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган Чортоқ туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари вазифасини бажарувчи Тоҳир Мўминов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Ўз навбатида, юзага келган муаммоли вазиятни тезкор бартараф этиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасидаги самарасиз ишлаётган стационар ўринлар ҳисобидан туғуруқ бўлими учун қўшимча яна 20 та, жами 70 та ўрин-жой ажратилган.
LiveБарчаси