Намангандаги “роддом”да бир палатага ўндан ортиқ аёллар жойлаштирилди. ССВ ҳолатга изоҳ берди (видео)
Саломатлик
−
04 Октябрь 2022
11303Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Наманган вилояти Чортоқ туманидаги тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимидаги палаталардан бирида ўрин-жойлар санитар-эпидемиологик талабларга риоя этилмаган ҳолда жойлаштирилгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Унда битта палатага ўндан ортиқ аёллар ва янги туғилган чақалоқ жойлаштирилганини кўриш мумкин. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур видео ва унинг ортидан авж олган баҳс-мунозараларга муносабат билдирди.
Унда айтилишича, видеотасвирларда Чортоқ туман туғуруқ комплексидаги бир кунлик навбатчилик ҳолати акс этган бўлиб, сентябрь ойида кунлик туғилишлар сони ўртача 20 тага ортиб кетгани боис, шифохонада ўрин-жой етишмаслиги юзага келган.
“Олиб борилган ўрганишлар натижасида юқоридаги муаммони тезкор бартараф этиш чоралари кўрилиб, тиббиёт бирлашмасидаги самарасиз ишлаётган стационар ўринлар ҳисобидан туғуруқ бўлими учун қўшимча 20 та, жами 70 та ўрин-жой ажратилган”, дейилган вазирлик хабарида.
Шунингдек, Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълум қилишича, муассасада жорий йил сентябрь ойига қадар кунига ўртача 13 та туғуруқ амалга оширилган бўлиб, бу давр оралиғида шифохонанинг ортиқча юклама билан ишлаши деярли кузатилмаган.
“Ҳозирда муассасада ҳомиладор аёлларга санитар-эпидемиологик талабларга тўла жавоб берадиган шароитда сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда”, дея қўшимча қилинади расмий муносабатда.
Адиба Раҳмонова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь