Наманганда янги институт ташкил этилди
Жамият
−
06 Октябрь 2022
9143Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Наманган шаҳрида Наманган тўқимачилик саноати институти ташкил этилади.
Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
• тўқимачилик саноати тармоқлари учун меҳнат бозорида рақобатбардош, юқори малакага эга олий маълумотли ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, шунингдек, мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
• таълим дастурларини етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда, жумладан, қўшма таълим дастурлари асосида жорий этиш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш;
• таълим билан ишлаб чиқаришнинг интеграциясини кучайтириш, соҳа ташкилотларида талабаларнинг малакавий амалиётини йўлга қўйиш, кафедра филиалларини ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг стажировкасини ташкил этиш;
• ўқув жараёнини талабаларда мустақил билим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга йўналтириш;
• ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибани, жумладан, замонавий таълим технологияларини татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини таъминлаш;
• илмий-педагогик салоҳиятни ошириб бориш, жумладан, профессор-ўқитувчилар стажировкаси ва малака оширишини нуфузли маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари ва илмий-тадқиқот марказларида ташкил этиш.
Институтда таълим жараёни нуфузли хорижий давлатлар олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда, жумладан, қўшма таълим дастурлари асосида ташкил этилиши белгиланди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Президент таълим муассасалари агентлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси билан ҳамкорликда:
а) 2023/2024 ўқув йилига қадар тўқимачилик саноати ривожланган хорижий давлатлар олий таълим ташкилотларини ҳамкор сифатида белгилаб, Институт таълим жараёнини замонавий ўқув дастурлари асосида ташкил этади;
б) 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб:
Институт профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва магистрантларини хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим ташкилотларига илмий стажировка ва малака оширишга юбориш чораларини кўради;
Институт талабаларининг танишув ва малакавий амалиётини хорижий ва маҳаллий йирик тўқимачилик корхоналарида ўташ тизимини жорий этади;
Институт талабаларининг фанларни ўзлаштириш кўрсаткичини ва профессор-ўқитувчиларнинг иш самарасини халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимини жорий этади;
в) 2024/2025 ўқув йилига қадар Институт ҳузурида тўқимачилик технопарки фаолиятини йўлга қўяди. Бунда, Технопарк:
• Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан жалб этиладиган халқаро ташкилотларнинг грантлари ва салоҳиятли инвесторлар маблағлари ҳисобига, жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилади;
• Институт таъсисчилигида масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади ҳамда унга технологик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва тижоратлаштириш ҳуқуқи берилади;
• хўжалик фаолиятидан олинадиган даромадлар, грантлар, ҳомийлик хайриялари, Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
г) 2026/2027 ўқув йилига қадар Институтнинг камида 2 та бакалавриат таълим йўналиши ва 3 та магистратура мутахассислигининг халқаро тан олинган ташкилотлар аккредитациясидан ўтказилишини таъминлайди.
LiveБарчаси