Наманганда мотоцикл йўл четидаги икки пиёдани уриб юборди
Жамият
−
19 Июль 2021
3848Жорий йилнинг 7 июль куни Наманган вилояти Поп туманида 36 ёшли фуқаро бошқарувидаги мотоцикл икки фуқарони уриб юборди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 21:30 ларда Ғурумсарой–Чодак–Гулистон йўлининг 36-километрида Поп туманида яшовчи 1985 йилда туғилган фуқаро “Урал” русумли мотоциклини бошқариб кетаётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай қолган. Шу вақтда мотоцикл йўл четида турган, Уйчи туманида яшовчи 2001 ва 1996 йилда туғилган фуқароларни уриб юборган. Оқибатда пиёдалар бел соҳаси лат ейиши ва ўтирғич суягининг синиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Хабарга кўра, ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 16 июль куни Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 апрель куни Nexia ва мотоцикл иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси юз берганди ва бунинг оқибатида бир киши ҳалок бўлган.
LiveБарчаси