Наманганда кондиционер тузатаётган устани электр токи уриб ўлдирди
3-саҳифа
−
22 Июнь 2023
9430Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги савдо марказида кондиционер тузатаётган уста ток уриши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Унга кўра, жорий йилнинг 13 июнь куни соат 20:40 ларда Янгиқўрғон тумани “Қорасув” МФЙда яшовчи электрик Я.Й. (23 ёшли) туман ҳудудидаги озиқ-овқат дўконидаги кондиционерни тузатиш учун келган.
У мазкур техниканинг бино ташқарисида жойлашган қисмини тузатаётган вақтида электр токи таъсир қилиб, воқеа жойида ҳалок бўлган.
Шунингдек, ҳолат юзасидан тегишли тартибда терговга қадар текшириш ишлари олиб борилган.
Воқеа жойи кўздан кечирилиб, Я.Й.га тегишли бўлган 1 дона омбур, 2 дона отвёртка, 1 дона электр токини ўлчовчи мослама ва дўкондаги кузатув камераларидаги видеоёзувлар олиниб, текшириш материалига қўшилган.
Мазкур ҳодиса юзасидан 13 июнь куни суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Экспертизанинг дастлабки хулосасига кўра, Я.Й. электр токи таъсирида вафот этгани тасдиқланган.
Ҳолат бўйича ишга алоқадор 8 нафар шахсдан тушунтириш хати олинган.
Бундан ташқари, вилоят Kамбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ва ЎзЭнерго инспекцияси Наманган ҳудудий бўлимидан малакали мутахассислар жалб қилиниб, терговга қадар текшириш олиб борилмоқда.
Муҳсинжон Умурзоқов