Наманганда икки киши 21 ёшли банк кассирини 3-қаватдан ташлаб юборди
3-саҳифа
−
29 Июль
18127Наманган вилоятида икки нафар шахс банк ходимини қасддан 3-қаватдан итариб юборди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Қайд этилишича, Наманган шаҳридаги “Обиҳаёт” МФЙ Ибрат кўчасида ижара асосида истиқомат қилувчи 22 ёшли Х.М. ва унинг таниши Н.Л. 21 ёшли банк кассири М. А. билан ўзаро тортишган. Улар банк кассирини қасддан ўлдириш мақсадида уни қўп қаватли хонадоннинг ётоқхона ойнаси ромига мажбурлаб чиқариб, 3-қаватдан пастга итариб юборган.
Шундан сўнг улар яшириниш мақсадида Spark русумли автомашинасида воқеа жойидан номаълум томонга қочиб кетган.
Жабрланувчига воқеа содир бўлган вақтда хонадоннинг ҳовлисида бўлган фуқаролар томонидан ёрдам кўрсатилиб, у шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Наманган филиалига олиб борилган. Шифокорларнинг дастлабки маълумотномасида, фуқаро М.А.даги жароҳатлар оғирлик даражасига кўра “ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати” гуруҳига кириши кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25-(Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “п” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноятни содир этган шахслар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ социолог олим, профессор Абдулаҳад Қаҳҳоров ўз уйида ўлдириб кетилганди.