Наманганда аёл эрининг эътиборини тортиш мақсадида ўзидан сохта жиноятчи ясади

3-саҳифа

image

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида аёл эрининг эътиборини тортиш мақсадида ўз уйида жиноятга қўл ургани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Жорий йилнинг 10 февраль куни соат 11:15 да Тўрақўрғон тумани ИИБга 21 ёшли Б.М. қўнғироқ қилиб, номаълум шахс унинг хонадонига юзида ниқоб билан кириб, уни ва 1 ёшар қизини ўлдириш билан қўрқитганини маълум қилган. Шунингдек, у ИИБга номаълум шахс қўлида бўлган пичоқ билан унга жароҳат етказиб, уйда бўлган нархи 19 млн 200 минг сўмлик тилла-тақинчоқларини олиб, воқеа жойидан яширингани ҳақида хабар берган. Б.М. бошқармадан номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни ва олиб кетилган тилла-тақинчоқларини қайтаришда амалий ёрдам беришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тўрақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида жабрланувчи Б.М. турмуш ўртоғи унга нисбатан эътиборсиз бўлаётгани сабабли унинг диққатини ўзига жалб қилиш мақсадида, шу куни қайнонасининг ётоқхонасига 19 млн 200 минг сўмлик тилла-тақинчоқларини яширгани аниқланган.  Шунингдек, у бўйнига игна орқали шилинма тортиб, гўёки яшаш хонадонига номаълум шахс кириб, пичоқ билан ўзи ва чақалоғини ўлдириш билан қўрқитиб, тилла тақинчоқларни олиб кетгани ҳақида туман ИИБга ёлғон хабар берган.

Б.М.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда ўзи томонидан яширилган тилла тақинчоқлар ашёвий далил сифатида холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Б.М. Жиноят кодексининг 237-моддаси 2-қисми “г” банди (ўта оғир жиноят содир этишда айблаб содир этилган ёлғон хабар бериш) билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши айблов хулосаси билан тегишли судлов органига юбориш масаласини ҳал этиш учун Тўрақўрғон туман прокуратурасига юборилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Наманган сохта жиноятчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг