Наманган ва Саудия Арабистони ишбилармонлари бизнес-форуми иш бошлади

Жамият

image

Бугун, 2 октябрь куни Наманган вилояти ва Саудия Арабистони ишбилармон доиралари иштирокидаги халқаро бизнес-форум очилди.

Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган Форумда “Ajlan & Bros Holding Group”, “Awad Group”, “ELM”, “Al Shanawani”, “Gulf Pioneers” каби 10 дан ортиқ йирик компаниялар раҳбарлари ҳамда Саудия Арабистони Молия, Савдо ва инвестициялар ҳамда Атроф-муҳит, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалиги вазирликларининг юқори мартабали вакилларидан ташкил топган делегация иштирок этмоқда.

Дастлаб меҳмонлар Форум доирасида ташкил этилган Наманган саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркасида вилоятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишдилар. 

Наманган вилояти ва Саудия Арабистони ишбилармон доиралари иштирокидаги бизнес-форумни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров кириш сўзи билан очди. Хайрулло Бозоров, Саудия Арабистонидан келган ишбилармонларга вилоятнинг қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, энергетика, нефть-газ, фойдали қазилмалар, енгил саноат ва туризм каби соҳалардаги салоҳияти, Наманганда фаолият юритаётган эркин иқтисодий зоналар ҳамда уларда инвесторлар учун таклиф этилаётган имтиёзлар ҳақида батафсил тушунча берди.

Саудия Арабистони Бош инвестицион бошқармаси бошлиғи Бадир Муҳаммад Алмуфгай, бундай йирик ишбилармонлар учрашуви ташкил этилгани учун Ўзбекистон ҳукуматига ва вилоят ҳокимлигига ўз миннатдорчилигини билдириб, Ўзбекистонда ва Саудия Арабистонида хусусий бизнесни ривожлантириш ҳамда дунёга кенг очилиш борасида олиб борилаётган ишлар кўп жиҳатдан ўзаро ўхшаш эканини қайд этди.

Бадир Муҳаммад Алмуфгай, Саудия Арабистони бизнеси Наманган билан туризм, нефть-газ, петрокимё, текстиль ва энергетика каби соҳаларда ҳамкорликка тайёр эканлигини таъкидлаб, бу борада мулоқотни давом эттириш учун вилоят ҳокимлиги вакилларини шу йил ноябрь ойида Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг навбатдаги йиғилишига расман таклиф қилди.

Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Улуғбек Мақсудов ҳам иштирок этаётган Форум, Наманган вилояти ва Саудия Арабистони ишбилармон доираларининг B2B ҳамда B2G форматидаги учрашувлари билан давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Наманган Саудия Арабистони бизнес форум

Баҳолаганлар

21

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг