Наманган ҳокими бугундан Президент ҳолатини танқид қилган маҳаллада яшашини айтди
Жамият
−
20 Февраль 2021
25223Шавкат Мирзиёев кеча, 19 февраль куни Наманган шаҳридаги “Бунёдкор” маҳалласида бўлган ва ичимлик суви йўқ, ички йўллар ёмон, атроф ободонлаштирилмаган ҳудуддаги аҳволни танқид остига олганди. Наманган вилояти ҳокими бугун, 20 февралдан бошлаб Наманган шаҳридаги “Бунёдкор” маҳалласида истиқомат қилишини билдирди. Шавкатжон Абдураззақов бу ҳақда маҳалла аҳолиси билан учрашуви давомида маълум қилди.
“Ҳар куни шу ерда, сизларга қўшни бўламан. Уйим маҳалла идорасининг рўпарасида жойлашади. Бугун шу ерга контейнер ўрнайди ва унга “вилоят ҳокимининг уйи” деб ёзиб қўйилади”, дейди Шавкатжон Абдураззақов.
Вилоят ҳокимлиги Матбуот хизматига кўра, бугун эрта тонгдан ушбу маҳаллага юзлаб ишчи-ходим ва ҳашарчилар жалб этилган. Шаҳарнинг чекка ҳудудида ерларни текислаш, электр тармоқлари тортиш, ободонлаштириш ишлари бошланган. Узоқ йиллар давомида фойдаланишда бўлган чиқиндихона ёпиладиган, маҳалла идораси эса қайтадан қуриладиган бўлган.
Шунингдек маҳаллага тоза ичимлик суви келтирилади.
“Бу ерда 3 гектар жойда кичик саноат зонаси ташкил этамиз ва камида 10 та корхона очамиз. Бунинг ортидан 12 минг киши яшайдиган маҳаллада 1000 нафар одам ишли бўлади”, дейди вилоят ҳокими.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев кеча, 19 февраль куни Шавкатжон Абдураззақовни Наманган вилояти ҳокими этиб тайинлади. У бугунгача вилоят хокими вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келаётган эди.
LiveБарчаси