Набиуллина “қора рўйхатда”: Британия Россияга қарши санкцияларни кенгайтирди

Олам 2930
image

Буюк Британия Россияга қарши санкциялар рўйхатини кенгайтирди. Рўйхатга Россия банки (Марказий банк) раҳбари Эльвира Набиуллина ҳам киритилди. Бу ҳақда Британия ҳукумати сайтида кеча, 30 сентябрь куни янгиланган санкциялар рўйхатида айтилган.

Қайд этилишича, Набиуллина Россия Марказий банки раҳбари сифатида ишлаб, унинг ҳукуматини қўллаб-қувватлаб, фойда кўраётгани учун “қора рўйхат”га киритилган.

Эндиликда унга Буюк Британияга кириш тақиқланди ва мамлакатга Набиуллинанинг мол-мулки аниқланса, у музлатилади.

Британия ТИВ маълумотига кўра, Қироллик Россияга муҳандислик, архитектура, аудит, юридик, реклама ва IT-компанияларининг хизматларидан фойдаланишни тақиқлайди, шунингдек, Россия Федерациясида экспорти тақиқланган товарлар рўйхатини кенгайтиради.

Қайд этилишича, Бирлашган Қироллик халқаро ҳамкорлари билан биргаликда Россиянинг ўз компанияларининг муҳандислик ва архитектура хизматларидан фойдаланишини тўхтатиш устида ишламоқда. Россия бундай хизматларнинг 77 фоизини G7 давлатларидан импорт қилади ва бугунги кунда кўрилаётган чоралар Россия саноатининг асосий тармоқларини ривожлантиришга сезиларли даражада тўсқинлик қилади. Бу чора-тадбирлар, шунингдек, Россиянинг аудиторлик ва реклама компаниялари томонидан тақдим этиладиган жаҳон даражасидаги профессионал хизматлардан фойдаланиш имкониятини тўхтатади.

Ҳужжатда айтилишича, Россияга аудит, бухгалтерия ҳисоби ва солиқ маслаҳати хизматлари импортининг тахминан 80 фоизи Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва АҚШ ҳиссасига тўғри келади, бу чоралар Россия бизнесининг халқаро миқёсда рақобатдошлик қобилиятини янада пасайтиради.

Тақиқ Буюк Британиядан Россияга деярли 700 турдаги товарларни экспорт қилишни ҳам ўз ичига олади. Рўйхатга мамлакат ишлаб чиқариш сектори фаолияти учун муҳим бўлган юзлаб тоифадаги товарлар киритилган бўлиб, Россия ҳар йили Буюк Британиядан бу маҳсулотларни сотиб олишга 200 миллион фунт стерлинг (223 миллион доллар – таҳр.) сарфлайди.

Россия Федерациясига IT-хизматларини экспорт қилиш, жумладан, иловаларни ишлаб чиқиш ва IT тизимларини лойиҳалаш, шунингдек, транзакция ва бир қатор тижорат хизматларини кўрсатишда ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ҳам тақиқ остида қолди.

Қайд этиш керакки, Россия Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларини аннексия қилиши ортидан санкцияларнинг янги тўлқинига дуч келди. Бундан олдин Канада ва АҚШ ҳам Россияга қарши янги чекловлар чораларини жорий қилганди. Европа Иттифоқи ҳам санкцияларнинг саккизинчи пакетини қабул қилишга тайёрланяпти.

Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрь куни Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш, аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни имзолади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 17
Рейтинг: 3.4
t
×