Нью-Йоркда рекорд даражада ёғган қор шаҳарни фалаж қилди (видео)

Олам

image

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри мэри Зохран Мамдани шаҳарга ёпирилган кучли қор бўрони муносабати билан фавқулодда ҳолат режими жорий этилганини эълон қилди. Транспорт ҳаракати тўхтатилди, мактабларда дарслар бекор қилинди. Бу ҳақда кеча, 22 февраль куни Нью-Йорк мэрининг расмий сайти хабар берди.

Қайд этилишича, фавқулодда хизматлар ходимлари ва ҳаётий муҳим соҳаларда ишловчи мутахассисларнинг хавфсиз ва тез ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида шаҳар кўчалари муҳим бўлмаган транспорт воситалари учун ёпилади. Муниципал мактабларда ўқишлар бекор қилинган.

“Нью-Йорк аҳолисининг хавфсизлиги – менинг асосий устувор вазифам. Қор бўрони сабабли маъмуриятимиз мавжуд барча ресурсларни сафарбар этмоқда.

Фавқулодда ҳолат эълон қилиниши бюрократик тўсиқларни бартараф этиш имконини беради, шунда тез ёрдам машиналари, санитария бригадалари ва муҳим хизматлар ходимлари кечикмасдан ўз вазифаларини бажара олади”, дейди Мамдани.

Унинг қўшимча қилишича, шаҳар ҳокимияти нархларнинг сунъий оширилишига йўл қўймаслик учун вазиятни кузатиб боради ҳамда нью-йоркликларни ёлғиз қария қўшниларига эътиборли бўлишга чақирган.

“New York Post” ёзишича, мэр шаҳар сўнгги ўн йил ичида бундай кўламдаги бўронга дуч келмаганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бу Нью-Йорк тарихидаги энг даҳшатли ўнта бўрондан бири бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Австрия Альпларида кучли қор ёғиши қор кўчкиларини келтириб чиқарганди. Оқибатда камида беш киши ҳалок бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Нью-Йорк қор бўрони Зохран Мамдани

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг