Нью-Йорк мэри шаҳарга мигрантларни ташийдиган компаниялардан пул ундирмоқчи
Олам
−
05 Январь
4079Нью-Йорк мэри Эрик Адамс муҳожирларни шаҳарга ташийдиган транспорт компанияларини судга бериб, уларнинг шаҳарда қолиши учун юзлаб миллион доллар талаб қилмоқда. Бу ҳақда “Fox News” хабар берди.
"Нью-Йорк шаҳри ушбу инсонпарварлик инқирозини ҳал қилиш учун ўз ҳиссасини қўшган ва ҳар доим ёрдам беради, аммо биз Техаснинг ўйламасдан қилган сиёсий ҳийла-найранглари харажатларини ўз зиммамизга олмаймиз", дейди Адамс.
У Техас губернаторининг Нью-Йоркка ўн минглаб муҳожирларни ташиш режасида иштирок этган 17 компанияга қарши судга даъво киритишини билдирган.
Адамснинг таъкидлашича, Нью-Йорк "кўчаларда ёки вақтинчалик бошпаналарда қолаётган" минглаб муҳожирлар билан курашишда қийналмоқда. Унинг фикрича, бу муаммо шаҳарни вайрон қилади.
Қайд этиш жоизки, ўтган йилнинг сентябрь ойи охирида Нью-Йорк штати губернатори Кэти Хочул мигрантлар инқирозига қарши курашиш учун 150 нафар Миллий гвардия аъзоларини фаоллаштириб, штат даражасида жойлаштирилган аскарларнинг умумий сонини 2050 нафарга етказган.
Маълумот учун, 2022 йилда Техас, Аризона ва Флорида ҳукуматлари Мексика билан чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, Қўшма Штатларга кирган хорижликларни оммавий равишда Вашингтон, Нью-Йорк ва бошқа йирик шаҳарларга автобус билан жўнатишни бошлаган. Шу тариқа улар АҚШ Президенти Жо Байденнинг ўта юмшоқ миграция сиёсатига қарши норозилик билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Адлия вазирлиги полицияга мамлакатга ноқонуний кирган муҳожирларни ҳибсга олишга рухсат берувчи янги қонун юзасидан Техас штатини судга берганди.
LiveБарчаси