МЮ ўз уйида “Брайтон”га мағлуб бўлиб, Англия кубогини тарк этди
Спорт
−
12 Январь 766 1 дақиқа
Кеча, 11 январь куни “Манчестер Юнайтед” Англия кубогининг 1/32 финал босқичида ўз майдонида “Брайтон” жамоасига мағлуб бўлиб, мусобақани дастлабки босқичидаёқ тарк этди.
Учрашувнинг 12-дақиқасида “Брайтон” футболчиси Браян Груда ҳисобни очди. Иккинчи бўлимнинг 64-дақиқасида эса Дэнни Уэлбек ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. 85-дақиқада Бенжамин Шешко гол уриб, ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлди. Бироқ ўйин якунига қадар ҳисоб ўзгармади ва “Манчестер Юнайтед” Англия кубогидаги иштирокини якунлади.
Маълумот учун, “қизил иблислар” 2025 йил август ойида Лига кубогида ҳам омадсиз иштирок этган бўлиб, тўртинчи дивизионда ҳаракат қилувчи “Гримсби Таун” жамоасига пенальтилар сериясида мағлуб бўлган эди.
“Opta” маълумотларига кўра, “Манчестер Юнайтед” 1981-1982 йилги мавсумдан бери илк бор ҳар икки кубок мусобақасида ҳам дастлабки ўйинларидаёқ мусобақани тарк этди. Ўша мавсумда жамоа Англия кубогида “Уотфорд”га, Лига кубогида эса “Тоттенхэм”га мағлуб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рубен Аморим “Манчестер Юнайтед” жамоаси бош мураббийи лавозимидан озод этилган эди. Ҳозирча унинг ўрнини Даррен Флетчер вақтинчалик бош мураббий сифатида эгаллаб турибди.