Мундиал сабабли Суперлига тақвими ўзгариши мумкин

Спорт

image

Келаси, 2026 йилда Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Суперлигаси тақвимида ўзгариш бўлиши мумкин. Бу ҳақда Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, шу йилнинг 31 июль санасига қадар ЎзПФЛ FIFA иш режасига футболчиларни расмий мусобақалар учун рўйхатдан ўтказиш даврини юклаши лозим бўлган. Шундан келиб чиқиб, 2026 йилги мавсум учун қишки трансфер ойнаси жорий йилнинг 5 декабрь санасида очилиб, у келаси йилнинг 20 февралига қадар давом этиши белгиланган. Навбатдаги ёзги трансфер ойнаси эса келаси йилнинг 22 июнидан бошлаб 24 июлга қадар давом этади.  

Маълумки, 2026 йилнинг 1-9 июнь саналари FIFA кунлари сифатида белгилаб қўйилган. Мундиал эса 11 июнь куни старт олиб, 19 июлга қадар давом этади. Мусобақанинг гуруҳ босқичи 27 июнь куни якунига етади. Шундан келиб чиқилса, Ўзбекистонда июнь ойи давомида одатдаги тартибда расмий учрашувлар ўтказишда чекловлар бўлиши мумкин. Регламентга кўра, миллий терма жамоага уч ва ундан ортиқ футболчиси жалб этилган клуб расмий учрашувни кўчиришни сўраб, ЎзПФЛга мурожаат қилиши мумкин. Айни вақтда қайси клуб билан бундай ҳолат юз бериши ЎзПФЛга маълум эмас. Қолаверса, терма жамоа устозлари июнь ойидаги FIFA кунларида кенгайтирилган таркиб билан машғулот ўтказиши эҳтимоли мавжуд. Жаҳон чемпионати давом этаётган бир вақтда миллий чемпионат ўйинларини ўтказиш эса мантиққа тўғри келмайди.  

Шундан келиб чиқилса, ЎзПФЛда 3 та вариант мавжуд:
 

  • “Суперлига ва Пролига регламенти” 10.9-бандига ўзгартириш киритиш ҳамда июнь ойидаги FIFA кунлари давомида ҳеч бўлмаганда Ўзбекистон кубоги мусобақасини давом эттириш ҳамда ўртадаги катта танаффус муддатини бироз қисқартириш (Масалан, Африка миллатлар кубогига 3 нафардан кўпроқ футболчисини юборган АПЛ клублари расмий учрашувларда давом этади); 
  • июнь-июль ойларида катта танаффус эълон қилиб, мавсумни август ойидан бошлаб давом эттириш ва кубок форматига ўзгартириш киритиш;
  • июль ойининг экваторидан бошлаб мавсумни давом эттириш, катта танаффус муддатини бироз қисқартириш ва барча мусобақаларни ўз форматида қолдириш.

“Мазкур масалалар Лига ва клублар иштирокидаги йиғилишда ўзаро ҳал қилинади. Шу хусусда Лига бир қатор мутахассислар, жумладан, Рўзиқул Бердиев, Миржалол Қосимов, Тимур Кападзе, Вадим Абрамов каби мутахассислар фикри билан қизиққан. Албатта, қолган клублар ҳам бу борада ўз таклифлари билан иштирок этади”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, айни вақтда 2026 йилги мавсум учун ишчи тақвим режа ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра мусобақа февраль ойининг сўнгги кунларида старт олиши ва май ойи якунига қадар Суперлиганинг 15 та тур учрашувлари ўтказилиши режалаштирилган. Мусобақанинг старт олишида Насаф ва Андижон клубларининг ўзи иштирок этаётган халқаро мусобақалар гуруҳ босқичидаги эҳтимолий муваффақият ёки муваффақиятсизлигига эътибор қаратилади. Шунингдек, ёзги трансфер ойнаси очилгунга қадар Суперлиганинг тенг ярми ортда қолишига эътибор қаратилади.

Мазкур ҳолатда кубок форматини ўзгартиришга эҳтиёж туғилади. Унга кўра, гуруҳ босқичи бекор қилинади, Суперлига ва Пролига клублари 1/16 финалдан эътиборан қўшилади. Бунда ҳар бир босқичда жамоалар фақатгина битта ўйинда майдонга тушади, мағлуб жамоа мусобақани тарк этади. Боиси мавсумнинг иккинчи ярмида ҳам халқаро тақвимнинг зичлиги айрим қийинчиликларни келтириб чиқаради.

Жумладан, FIFA кунлари шу вақтга қадар 9 кунни ташкил қилган бўлса, 2026 йилнинг сентябрь ва октябрь ойига режа қилиниши керак бўлган FIFA кунлари қўшиб юборилган ва у умумий 16 кундан иборат бўлади. Шундан келиб чиқиб, Суперлига клублари бу вақт оралиғида қўшимча яна 18-20 кунлик танаффусга чиқишига тўғри келади. Шуларни инобатга олиб, ЎзПФЛ таклиф қилаётган тақвимда Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми 30 ноябрга қадар ниҳоясига етиши режалаштирилган. Ўзбекистон кубогининг ярим финалига қадар етиб келган 4 та клубгина декабрь ойида ҳам расмий учрашувлар ўтказишига тўғри келади.

“Сир эмаски, Лига кубок финалларига сўнгги йилларда катта эътибор қаратиб келади. Бунинг учун финал иштирокчилари аввалдан аниқлаб олиниши ва режа шу асосда олиб борилиши муҳим. Бироқ 2026 йилги ишчи режада бу бироз мураккаб ҳисобланади (кубок ярим финалига қадар етиб кела олмаган клубларнинг мавсумни эртароқ якунлаши масаласи ҳам бор). Шундан келиб чиқиб, ярим финал ва финалдан жой олган умумий 3 та беллашув марказлашган тарзда – финал босқичи мақомида ўтказилиши мумкин. Яъни, ярим финалга қадар етиб келган барча 4 та клуб финал босқичи учун бир шаҳарда тўпланади. Финалга оид тадбирларнинг барчасида мана шу клублар умумий иштирок этади, бундаги барча масалалар Лига томонидан олиб борилади”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, мазкур мавзу жамоатчилик муҳокамаси учун қўйилаётган бўлиб, август ойи якунида ЎзПФЛ барча клублар иштирокида йиғилиш ўтказади ва юқоридаги масалаларни улар билан келишади. Клублар ўз таклифини ишлаб чиқиши учун етарли вақт бўлиши, шунингдек, келаси йилга мўлжалланган тақвим Ассоциацияда ҳам таҳлил қилиниб, ташкилот бу борада ўз фикр ва мулоҳазалари билан иштирок этиши ЎзПФЛ учун муҳим ҳисобланади. Бу ўз навбатида Ассоциация миллий терма жамоанинг келгуси йил учун режаларини тезроқ ишлаб чиқиши ва эҳтимолий шошилинч ўзгаришларга йўл қўйилмаслигида асқотади.

Маълумот учун, 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатида 48 та терма жамоа иштирок этади. Турнир 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудида бўлиб ўтади. Ушбу турнирда тарихда илк бор Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам қатнашади.


Мақола муаллифи

Теглар

Суперлига Жаҳон чемпионати ЎзПФЛ Мундиал

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг