Мухолифат партия Тошкент ҳокимидан йўл тўсиқлари бўйича ҳисобот талаб қилди
Жамият
−
14:43 3344 2 дақиқа
Айни кунларда Тошкент шаҳрида автомобиль йўлларида рўй бераётган айрим ўзгаришлар, хусусан, кўча ва йўллар бўйлаб темир панжаралар ўрнатилаётгани аҳоли вакиллари, мутахассис ва экспертларнинг турли фикр-мулоҳазалари, эътирозларини келтириб чиқармоқда. Мазкур муҳокамалар ортидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Анвархон Темиров Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов номига депутатлик сўрови юборди.
Тошкент шаҳар ҳокимининг 2025 йил 20 майдаги 367-14-0-Қ/25-сон, шунингдек, 2025 йил 21 июлдаги 530-14-0-Қ/25-сон қарорларига мувофиқ, пойтахтда кўча ва йўллар бўйлаб темир панжараларни ўрнатиш учун жами 8,4 млрд маблағ ажратиш кўзда тутилган ва шу асосда ишлар амалга оширилмоқда.
Эски амалиётга қайтилиб, пойтахт кўчаларида янги панжаралар ўрнатилгани, кейин олиб ташлангани кенг жамоатчиликда, жумладан, Халқ демократик партияси электорати орасида ҳақли эътирозлар, қатор муҳим саволларни келтириб чиқарган.
Юқоридагиларга асосан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Анвархон Темиров Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовга депутатлик сўрови юборди.
Унда жамоатчилик ва партия электоратини безовта қилаётган саволлар кўтарилган:
- Тошкент шаҳри кўча ва йўлларида йўналишларни ажратувчи темир панжаралар ўрнатилиши ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга, пиёдалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилиши қандай асосланган?
- Темир панжаралар ва бошқа тўсиқлар ўрнатиш масаласида экспертлар билан маслаҳатлашувлар ўтказилганми, уларнинг фикрлари олинганми? Бу борада илмий асосланган ва таҳлилий маълумотлар мавжудми?
- Нима сабабдан яна бошқатдан кўплаб давлат маблағлари сарфланиб, пиёдалар ва йўловчиларга хавф туғдириши тан олинган амалиётга – йўналишларни ажратувчи темир панжараларни ўрнатишга қайтилмоқда?
- Аҳоли зич жойлашган ва кўп ҳаракатланадиган кўчаларда пиёдалар осон ва тез кесиб ўтишини таъминлаш, пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
- Ҳозир ўрнатилаётган панжара тўсиқлар қайси норматив-ҳуқуқий асос ва стандартлар бўйича лойиҳаланган ва амалга оширилмоқда? Бу каби темир панжараларни ўрнатиш йўлларда пиёдалар ва йўловчилар хавфсизлигини кафолатлайдими?
Депутатлик сўровида “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, юзага келган саволларга жавоб берган ҳолда, ушбу долзарб ижтимоий масала бўйича асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарни баён этиш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг ноябрь ойида Халқ демократик партияси депутатлари Тошкент шаҳридаги автомобиллар учун пулли тўхташ жойларидаги нархларни қайта кўриб чиқишни талаб қилган эди. Бироқ бу сўров бўйича ҳеч қандай ўзгариш бўлмади.
Live
Барчаси