Муфтий Холиқназаров динда ҳаддидан ошаётганларга мурожаат қилди
Жамият
−
09 Сентябрь 2023
12063Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистонда Ислом динида ҳаддан ташқари бўрттириб юборилаётган хатти-ҳаракатлар ҳақида ҳам гапирди.
“Ҳаж ёки умрадан келган одамлар ортиқча улуғлаб юбориляпти. Километр узоқдан оёғининг тагига пойандоз солиш ҳам, ёш болаларни олиб келиб, оғзига тупуртириш ҳам ҳаддидан ошишдир. Ота-онани ҳурмат қилишда ҳам ҳаддидан ошиш бор. Бир одам онасининг оёғини ювиб, сувини ичяпти. Динимиз бунга буюрмаган. Ота-онанинг ҳурматини қилиш – уни рози қилиш, хизматини қилиш, унинг дуосини олиш. Бундан ортиғи ғулу”, деди муфти.
Қори, шунингдек, динда айтилмаган қоида ва ҳукмларни ўйлаб топиб, бошқаларга ҳам тарғиб қилаётган одамларга мурожаат қилди ва ҳар бир сўзни далил билан гапиришни сўради.
“Баъзилар тилла тиш қўйган ёки тишларини “пломба” қилган одамнинг орқасидан намоз ўқиб бўлмайди дейишяпти. Ҳужжатингиз қаерда? Далилингиз қаерда? Дин сизнинг ақлингизга келадиган нарса билан ҳал бўладиган иш эмас. Биз айтамизки, йўқ, биродар. Чунки, бизда ҳужжат бор. Саҳобалардан бирининг бурни кесилиб кетганда, аввал темирдан бурун ясашган, кейин тилладан ясашган. Шундан қиёс қилиб айтиладики, бунга руҳсат берилган экан, тилла тишга ҳам шу ҳукм”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров араблашаётган ўзбеклар бўйича фикр билдирди. Унинг айтишича, Ислом динида маълум бир форма қабул қилинмаган. Бу мумкин ҳам эмас.
LiveБарчаси