Муфтий босар-тусарини билмай қолган 4 нафар имомни ишдан олди

Жамият

image

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров раислигида ўтган йиғилишда республикадаги туман-шаҳар бош имом-хатибларидан 4 нафари ишдан олинди. Бу ҳақда диний идора матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, йиғилиш жуда кескин ва танқидий-таҳлилий руҳда ўтган ҳамда жорий йилнинг ўтган даврида масжидлар имом-хатиблари, имом-ноиблари ва отинойилар томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинган.

Мажлисда айрим имом-домлалар босар-тусарини билмай қолгани, амалдаги қонун талабларини менсимаётгани ва мўмин-мусулмонларнинг бўлинишига сабабчи бўлаётгани диний соҳага катта доғ экани афсус билан таъкидланган.

“Ўз вазифасига виждонан ёндашмаган, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини қондиришда жиддий ҳаракат қилмаган ва имомлик мақомига муносиб бўлмаган 4 нафар туман бош имоми ишдан олинди ва 1 нафарига “ҳайфсан” интизомий жазоси берилди”, дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабарида.

Қуйидаги имомлар эгаллаб турган вазифасидан озод этилган:

Сурхондарё вилояти Термиз тумани бош имоми Очилов Яҳё;

Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани бош имоми Маматқулов Мамаюсуф;

Андижон вилояти Шаҳрихон тумани бош имоми Турғунов Иззатуллоҳ;

Тошкент шаҳар Сергели тумани бош имоми Ахбутаев Эшмурод.

Шунингдек, Фарғона вилояти Сўх тумани бош имоми Воҳиджон Камоловга интизомий чора кўрилган.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда шу йилнинг 8 ойи давомида иш фаолиятидаги хато-камчиликларга йўл қўйгани сабабли 15 нафар имом-хатиб, 6 нафар имом-ноиби ва 2 нафар вилоят муҳтасиб вазифасидан озод этилгани, шунингдек, 19 нафар имом-хатиб ва имом ноибига “ҳайфсан” интизомий чораси берилгани алоҳида урғуланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги “Азиз ота” жоме масжиди имом ноиби Мирсобит Воҳидов фуқароларни “самосуд” қилишга ундовчи видеоси сабабли ишдан олинганди.

Билол Норқобилов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

1965

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг