Муддатидан аввал пенсия тайинлаш тартиби ўзгартирилди
Жамият
−
17 Май 2021
12126Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғи билан Алоҳида асосларга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритилди.
Қайд этилишича, йўриқнома қуйидаги сабабларга кўра ишдан озод этилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинлаш тартибини белгилайди: технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилгани.
Мазкур шахсларга улар расман ишсиз деб эътироф этилган ва зарур меҳнат стажига эга бўлган тақдирда муддатидан олдин (қонун ҳужжатларида белгиланган умумий асосларга кўра пенсия тайинлаш муддатидан икки йил олдин) пенсияга чиқиш ҳуқуқи тақдим этилади:
- эркаклар – 58 ёшда бўлиб, меҳнат стажи 25 йилдан кам бўлмаган тақдирда;
- аёллар – 53 ёшда бўлиб, меҳнат стажи 20 йилдан кам бўлмаган тақдирда.
Биринчидан, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниши муносабати билан уларга мувофиқ, йўриқнома қабул қилинган НҲҲлар аниқлаштирилди.
Иккинчидан, белгиланишича, ишдан озод этилган шахслар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан сўнг 30 календарь кун ичида ҳудудий аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига мурожаат қилсалар, марказ ходимлари 3 ойлик давр ичида (илгари - агар ишдан озод этилганлар 10 кун ичида мурожаат қилсалар) мақбул келадиган ишни топишда ёрдам беришлари керак. Агарда озод этилган шахслар 30 календарь кундан кейин мурожаат қилсалар, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходимлари 10 кун муддат ичида мақбул келадиган ишни топишда ёрдам беришлари керак.
Бошқа ўзгартиришлар ва қўшимчалар ҳам киритилган. Ҳужжат 4 май – Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган кундан кучга кирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь