Мубашшир Аҳмадга нисбатан жиноят иши судга оширилди

3-саҳифа

image

Диний олим ва блогер, “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)га нисбатан қўзғатилган жиноят иши тамомланиб, судга оширилди. Бу ҳақда унинг адвокати Руслан Содиқов Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

Унинг қайд этишича, 2023 йил 11 август куни Шайхонтоҳур туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Тергов бўлими терговчиси томонидан Жиноят кодексининг 2443-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан  жиноят иши қўзғатилган. Ҳуқуқшуноснинг билдиришича, ушбу қилмиш жиноят сифатида эътироф этилиши учун гумонланаётган шахс олдин айни шу ҳаракат учун маъмурий жазога тортилган бўлиши керак.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон қонунчилигида ҳар қандай диний мазмундаги материал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосидагина таёрланиши, сақланиши ва тарқатилиши мумкинлиги белгиланган. Ушбу қоида бузилиши дастлаб маъмурий жазо, ундан кейин бир йил ичида такроран содир этилган тақдирда жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади. 

“Мубашшир Аҳмад домла “Аzon tv” каналида олиб борган диний, маърифий фаолияти давомида 2023 йилда Диний қўмита хулосасини олмасдан диний мазмундаги материални ушбу канал орқали тарқатганлиги учун маъмурий жазога тортилган. 2023 йилда бу ҳолат такрорий содир қилинган деб топилиб, жиноят иши қўзғатилган”, деб ёзади Содиқов. 

Шунингдек, адвокат мижози бу ҳолатдан хабардор бўлмагани ва Туркия Республикасида вақтинча яшаб юрган даврда унга нисбатан қидирув эълон қилинганини баён қилган. 

“Кейинчалик, 2023 йил 10 ноябрь куни Устоз Мубашшир Аҳмадга нисбатан сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўллаш ҳақида судга илтимоснома киритилган. Суднинг айни шу кунги ажрими билан илтимоснома рад қилинган ва эҳтиёт чораси ўзгаришсиз, муносиб хулқ атвордаги тилхат орқали очиқда қолдирилган ҳамда жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилган”, дейди адвокат. 

2025 йил 11 май куни Мубашшир Аҳмад ушланган ва унга нисбатан Жиноят кодекси 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан қўшимча айблов эълон қилинган. Адвокатнинг ёзишича, мижози ушланишида ва шу вақт ўзига нисбатан ўтказилган тергов ҳаракатлари жараёнида ўзи томонидан ёлланган ҳимоячилар хизматидан фойдаланишни талаб қилган, лекин талаб бажарилмагани сабабли, тергов ҳаракатларига оид ҳужжатларни имзолашдан бош тортган. 

“Ҳимоячилар терговчига айни шу куни бир неча маротаба алоқага чиққан ва ҳатто қисқа хабарлар жўнатган, лекин терговчи эътиборсиз қолдириб, устозга нисбатан айбловни тўлдириш ва сўроқ қилиш, қамоққа олиш ҳақидаги илтимоснома киритиш ҳаракатларини давлат ҳисобидан таъминланадиган адвокат хизмати ёрдамида давом эттирган.  

Мубашшир Аҳмадга нисбатан ушбу қўйилган айбловга Telegram'даги “Mubashshir Ahmad” номли каналга жойлаштирилган “Уламоларнинг Исроилга қарши жиҳод фатвоси нимани англатади?” номли видеодаги суҳбат асос бўлган. Лекин айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш ҳақидаги қарорда айблов учун фақат Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси, яъни материалнинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганини тасдиқловчи далил кўрсатилган бўлиб, жиноятнинг зарурий белгиси – унинг мақсадини акс эттирувчи белгиларга оид ҳеч қандай экспертиза хулосаси далил сифатида эътироф этилмаган”, дейди адвокат. 

Унинг айтишича, 2025 йил 14 май куни жиноят ишининг дастлабки тергови Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Тергов бошқармасига ўтказилган. Шу вақт оралиғида Мубашшир Аҳмад билан учрашишда бир оз қийинчилик бўлган. 

“Терговда дастлабки учрашувда устоз “мен Давлат хавфсизлик хизматининг тергов ҳибсхонаси ҳақида умуман бошқача тасаввурда эдим, бу ерда менга қилинган шарт-шароитлар, муносабат ва таъминотдан жуда кўнглим тўқ, хотиржамман, буни оммага ҳам етказиш керак экан” дедилар. Шу билан бирга тергов гуруҳи бошлиғи ва терговчилар томонидан устозга уламо сифатида муносиб чиройли муомала ва муносабатда бўлиб, ҳеч қандай руҳий ёки жисмоний тазйиқ ўтказилмади ва энг асосийси устознинг фаолиятига нисбатан кескин танқидий, айблов нуқтаи назаридан ёндашилмади. Буни мен устознинг кўп йиллардан бери ҳуқуқий масалалари бўйича маслаҳатчи- адвокати, уларга хайрихоҳ бўлган шахс сифатида аниқ айтишим мумкин. Шу билан бирга, устоз фаолияти давомида яқин муносабатда бўлган шахслар терговга чақирилганда берган саволлар мазмунидан келиб чиқиб, ўша одамлар ҳам тасдиқлаши мумкин”, деб ёзади ҳимоячи. 

Унинг айтишича, тергов жараёнида Турсуновнинг “Azon Global” халқаро медиаканали ва ижтимоий тармоқдаги бошқа каналларидаги материаллар текширилган ва натижада уларнинг фаолиятида Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар, тинчлик ва хавфсизликка қарши оғир жиноятлар содир этилмагани ўз тасдиғини топди. 

“Истисно сифатида Исроилнинг Ғазода содир этаётган геноцидига оид берилган фикрлари ва баъзи бошқа ҳолатларга оид фикрларида экспертиза хулосасига кўра миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш жинояти аломати аниқланиб, айблов Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми билан тўлдирилди. Модда санкциясига кўра, ушбу ҳаракат учун жазо уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган”, дейди адвокат.

Шунингдек, ҳимоячи Алишер Турсуновнинг айбловга нисбатан муносабатини ҳам келтириб ўтган. Унинг айтишича, Турсунов диний мазмундаги материални тарқатиш учун Туркия Республикасида фаолият кўрсатгани сабабли, Дин ишлари бўйича қўмитадан хулоса олиш зарурияти йўқ деб ўйлаган, чунки ҳудудийлик жиҳатидан медиа фаолияти хорижда бўлгани сабабли эътибор қилмаган. 

“Ҳимоя позициясига тўхталганда, диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тарқатиш жинояти бўйича айблов юзасидан амалдаги қонунчиликка зид бўлганлиги боис, иқрорлик билдирамиз. Лекин Жиноят кодекси 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан эълон қилинган айблов бўйича фатвога оид материални тарқатишдан кўзланган мақсад, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилмаганлиги, худди шунингдек, фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатилмаганлиги ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилмаганлиги билан боғлиқ эътирозларимиз бор. Шу борада судда жиноятнинг ушбу белгиларига оид хулосалар бўйича экспертларга жуда кўп саволларимиз бор. Шунингдек, миллий, этник, ирқий ва диний адоват қўзғатишга оид жиноят бўйича ҳам экспертиза хулосалари юзасидан Жиноят-процессуал кодексида белгиланган тортишувчанлик ва ҳақиқатни аниқлаш принциплари устуворлиги таъминланиши учун қонуний имкониятларимиздан тўлиқ фойдаланамиз”, деб ёзди адвокат.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойида Алишер Турсунов Истанбулнинг Боҳчашеҳир мавзеидаги уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик, ижтимоий тармоқларда Турсунов Туркиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Алишер Турсуновни Туркиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини расман тасдиқлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Мубашшир Аҳмад

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг