Мубашшир Аҳмад Туркияда қўлга олинди. У депортация марказида қолмоқда
3-саҳифа
−
09 Январь
18371Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик диний олим ва блогер – “Azon Global” ахборот таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад Туркияда қўлга олингани ва ҳибслангани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. “Azon Global” мазкур миш-мишларга ойдинлик киритиш мақсадида, Мубашшир Аҳмаднинг ҳозирги ҳолати ҳақида расмий маълумот эълон қилди.
Қайд этилишича, Мубашшир Аҳмад 2023 йилнинг 28 декабрь куни тонгда Туркия Ички ишлар тизими ходимлари томонидан гумонланувчи сифатида олиб кетилган.
“Дастлаб қандайдир англашилмовчилик бўлгани, шу боис оммани беҳуда ташвишга солиш керак эмаслиги каби мулоҳазалар билан бу ҳақда кенг оммага хабар берилмади”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, ижтимоий тармоқларда шу кунгача тарқалган бу ҳақдаги хабарларга порталнинг алоқаси йўқ.
Портал Мубашшир Аҳмадга қўйилаётган айбловлар умуман асоссиз эканини урғулаган ҳолда айни вақтда олим ҳибсда эмас, балки депортация марказида сақланаётганини билдирган.
“Туркия қонунлари бўйича гумонланувчини 3 кундан ортиқ тутиб туриш мумкин эмас, шу муддат ичида қўйилаётган айб исботланса, Адлия идораларига ўтказилиши, исботланмаса, чиқариб юборилиши лозим. Баъзан чет эллик шахсларни қайтариб юбориш (депортация) марказларига ўтказишади ва у ердан ўз юртига жўнатишади ёки озод қилишади. Дастлабки суриштирувларда Мубашшир Аҳмадга қўйилаётган айблов ўз исботини топмаган. Қайтариб юбориш (депортация) марказларига ўтказилган Мубашшир Аҳмадни орадан шунча кун ўтиб ҳам тутиб турилгани эса тушунарсиз бўлиб қолмоқда”, дейилади расмий баёнотда.
Айни вақтда адвокатлар ҳаракатларни бошлаган ва барча керакли чоралар кўрилмоқда.
Ҳозиргача Ўзбекистон Республикасининг Анқарадаги элчихонаси ва Истанбулдаги бош консуллиги Мубашшир Аҳмаднинг нима сабабдан ушлангани ва аҳволи ҳақида ҳеч қандай маълумот бергани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг август ойида таъсисчиси Мубашшир Аҳмад бўлган "Azon.uz" сайти ўз фаолиятини тўхтатганди.
Маълумот учун, 2020 йилнинг декабрь ойида ўзбекистонлик блогер Абдукарим Мирзаев ҳам Туркияда ҳибсга олинди ва у ердан депортация марказига юборилди. Унга қўйилган айбловлар ўз исботини топмагач, 2021 йилнинг 12 январь куни қўйиб юборилди.
LiveБарчаси