Муҳожирлар оиласи болаларининг шўхлиги деб Россиядан қувилди
Олам
−
14 Ноябрь 2023
9812Тожикистонлик муҳожир оиладаги болалар ўқитувчига тош отгани учун Россиядан ҳайдаб чиқарилди. Бу ҳақда Новосибирск вилояти прокуратураси ахборот хизмати хабар берди.
Россиянинг Новосибирск вилоятида икки нафар вояга етмаган мигрант бола кўчада ўткинчи фуқарога тош отиб, уни ўз она тилида мазах қилгани тасвирланган видео маҳаллий Telegram-каналларда тарқалиб, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди.
Ҳолат юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида "шўхлик қилганлар"нинг шахсига ойдинлик киритилган. Унга кўра, болалар 32 ёшли тожикистонлик аёлнинг болалари бўлиб, бунга қадар аёл мамлакат миграция қонунчилигини икки марта бузгани аниқланган.
Шунингдек, аёлнинг болалари Россия ҳудудида расман рўйхатга олинмаган, бундан ташқари у 12 ва 7 ёшли икки фарзандини парвариш қилиш мажбуриятларини бажармаганлиги учун уч марта маъмурий жавобгарликка ҳам тортилган.
“Қонунчиликка кўра, оила тўлиқ таркибда мамлакатни тарк этади”, дейилади прокуратура хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда ўтказилган “Нолегал 2023” операцияси давомида мамлакатдан 15 мингга яқин хорижлик депортация қилинган эди. Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида миграция қонунчилигининг 96 мингга яқин бузилиши аниқланган.
Шунингдек, Россияга кириш, чиқиш ва бўлиш қоидаларини бузишнинг 73 мингдан ортиқ, бундан ташқари, меҳнат фаолиятини амалга ошираётган хорижликлар томонидан 22 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган.
LiveБарчаси