МТС сценарийси Perfectum’да такрорланади...ми? Миллионлаб абонентларга нега расмий маълумот берилмаяпти?

Таҳлил

image

Бир неча кун аввал Гулнора Каримованинг собиқ турмуш ўртоғи Рустам Мадумаровга тегишли эканлиги иддао қилинаётган халқ тилида "Perfectum" деб айтиладиган "Rubicon Wireless Communication" МЧЖ кўчмас мулки сотувга қўйилганлиги ҳақида хабар берган эдик. 

Маълум бўлишича, Рустам Мадумаров ҳозирда қарздор! Шу сабабдан унга тегишли эканлиги айтилган Тошкентдаги "Perfectum mobile" очиқ аукционда сотувга қўйилган. 

Ушбу уяли алоқа компанияси Ўзбекистондаги йирик тадбиркорлик субъектларидан бири. Очиқ аукцион нархни тушириб бориш йўли билан, демпинг усулида ўтказилиши кўрсатилган. Савдода мазкур мулкнинг бошланғич нархи 205.587.016.500.00 сўм этиб белгиланган.

Айни вақтда мазкур хабар бўйича таҳририятимизга кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Уларнинг саволлари бир хил: компания ёпиладими? 

Биз ушбу саволларга жавоб излаб "Perfectum mobile"нинг бош офисига бир неча бор қўнғироқ қилдик. Ва ниҳоят компания вакили бу ҳақида маълумот берди. Унга кўра, компаниянинг Рустам Мадумаров билан ҳеч қандай алоқаси йўқ ва сотувга қўйилганидан бехабар. Манбага кўра, компаниянинг сотувга қўйилгани ҳақида тарқатилган хабарлар ёлғон.

Хўш, компания вакилининг сўзларига ишондик ҳам дейлик, нега унда компаниянинг Тошкентдаги бош офисига борганимизда маркетинг бўлими ходимлари бу ҳақда аниқ маълумот бермади ёки беришни истамади. 

Компания раҳбари билан учрашиб, саволимизга ойдинлик киритишни истадик, бироқ раҳбар офисда йўқлиги, бўлганда ҳам олдиндан учрашув белгилаш лозимгини айтишди. Шубҳа-гумонимиз ичимизда қолди. 

Мажбурий ижро бюроси нима дейди?

"Perfectum"чилардан аниқ маълумот ололмагач, компанияни очиқ савдоларга қўйган Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бўлими билан боғландик. МИБ вакили ҳам бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга эмаслиги, ҳозирда бу иш ўрганилаётганини таъкидлади. 

Хўш, на савдога қўйилган компания вакиллари, на МИБ бу ҳақда аниқ бирор маълумотга эга бўлмаса, унда нега очиқ аукцион савдоларига қўйилди? 

Ғалати эмасми? Бутун бошли бир компания – 205 млрд сўмдан ортиққа баҳоланиб, онлайн очиқ аукцион савдоларига қўйилса-ю, бу ҳақда МИБ аниқ бир маълумотга эга бўлмаса. 

Эътибор қилинг, “Rubicon Wireless Communication” МЧЖ (Perfectum) айнан МИБ томонидан сотувга  қўйилган, бошқа давлат ташкилоти томонидан эмас.

Тасаввур қилинг-а, бозорда автомобиль сотмоқчисиз, нархи ҳам, сотув куни ҳам аниқ. Бироқ, нима учун сотаётганингизни билмасангиз. Ҳеч нарса аниқ бўлмаса, МИБнинг бу ишлардан хабари бўлмаса, компания сабаб-бесабаб савдога қўйилдими? 

Саволларимиз очиқ қолмоқда. Қани давлат органларининг очиқлиги, шаффофлиги, тезкорлиги? 

Бундан анча йиллар илгари МТСнинг ёпилиши ҳақида миш-миш тарқалгач, ҳамма саросимага тушган, бироқ тарқалган хабарлар ёлғонлиги айтилганди. Орадан бир неча соатлар ўтгач, миш-миш ҳақиқатга айланганди. 

Яна ўша сценарий такрорланадими? Агар шундай бўлса, бундан ким жабр кўради, компаниями ёки абонентлар?  Албатта, миллионлаб абонентлар. Бироқ бу ҳақда компания вакиллари қайғураётгани йўқ. 

ОАВда компаниянинг онлайн аукцион орқали сотувга қўйилгани ҳақида хабар тарқалганига бир неча кун ўтган бўлса-да, "Perfectum"дагилар пинагини бузгани йўқ. 

Кутамиз, ё компания мижозлари ҳақида қайғуриб бирор яхши янгилик айтади ёки МИБ унинг сотиб юборилгани ҳақида эълон қилади. 

Эслатиб ўтамиз, “Rubicon Wireless Communication” (Perfectum) компанияси 1995 йил ноябрь ойида ташкил этилган. 

2001 йилда Ўзбекистонда “Perfectum Mobile” савдо белгиси остида биринчи CDMA стандартининг уяли тармоғи пайдо бўлди. Ҳозирда компаниянинг миллионлаб абонентлари мавжуд.


Акбар Жиянов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

79

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг