Можароли интервью берган шаҳзода Гарри ва Меганнинг рейтинги рекорд даражада тушиб кетди 

Олам 3450
image

Америкалик телебошловчи Опра Уинфри билан суҳбатдан сўнг Буюк Британия шаҳзодаси Гарри ва унинг рафиқаси Меган Марклнинг рейтинги рекорд даражада тушиб кетди. 

"YouGov" социологик компанияси томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 48 фоизи Гарри ва Меган Марклга қарши бўлган, 45 фоизи эса уларни ёқлаб овоз берган. 

Сўнгги бир ҳафта ичида уларнинг рейтинги 15 фоизга пасайиб кетган. 

Маълумот ўрнида, жуфтлик Опра Уинфрига тўйларининг расмий маросимидан уч кун олдин яширинча турмуш қуришгани, қироллик оиласининг баъзи аъзолари уларнинг ўғли Арчининг қорамағиз бўлиб туғилишидан хавотирда бўлгани, болага шаҳзода унвони берилмагани, британия таблоидлари Меганни таъқиб қилгани, Меганнинг ўз жонига қасд қилишни ўйлагани ҳақида гапириб берганди.  

Уэльс шаҳзодаси Чарлзнинг кенжа ўғли Гарри 2017 йил ноябрь ойида америкалик ажрашган актриса Меган Маркл билан унаштирилган. Уларнинг тўйи 2018 йил 19 май куни Виндзорда бўлиб ўтди. Бир йил ўтгач, улар Арчи исмли ўғил кўрди. 

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Гарри ва унинг рафиқаси қироллик оиласи билан келишган ҳолда “Зоти олийлари” унвонига ва SussexRoyal брендига бўлган ҳуқуқларидан маҳрум бўлиб, расмий қироллик вазифаларидан воз кечганликларини эълон қилди. 

Маълум бўлишича, улар буни молиявий мустақилликка эришиш учун қилган. Ушбу қарор 2020 йил март ойида кучга кирди. Шаҳзода бир йил ичида фикрини ўзгартиришга ҳақли эди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 138
Рейтинг: 2.9
t
×