Москвада оммавий жанжал сабаб 85 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди

Олам

image

Аввалроқ Москвада меҳнат мигрантлари иштирокида оммавий муштлашув содир бўлгани ҳақида хабар бергандик. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси Элчихона билан биргаликда ўрганиш ишларини бошлаган.

Дастлабки ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, жорий йилнинг 1 апрель куни корхонада ишловчи икки ходим ўртасида ўзаро келишмовчилик оқибатида муштлашув юз берган ва кейинчалик муштлашувга икки томондан ҳам ишчилар аралашиб кетган.

Иш берувчи вакиллари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда 41 нафар тожикистонлик ва 85 нафар ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ҳибсга олинган. Уларнинг 20 нафарига нисбатан депортация қилиш чораси қўлланиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси Элчихона билан биргаликда ваколатли ташкилотлар орқали мазкур масалани ижобий ҳал этиш чораларини кўрмоқда.

Шу ўринда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ўзбекистонликлардан ушбу давлат қонунларига риоя қилишни, низоли вазиятларга аралашмасликни, муаммоли ёки низоли вазиятларда ваколатли органлар ҳамда мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги дипломатик идораларига мурожаат қилишни сўраган.


Мақола муаллифи

Теглар

мигрант Москва

Баҳолаганлар

408

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг