Москвада 2 қозоғистонликнинг ўлдирилиши Россия билан муносабатларга таъсир қилмайди – Остона
Олам
−
12 Март 2024 9009 1 дақиқа
Аввалроқ, Москвада икки қозоғистонлик теракт уюштиришга урингани, аммо улар Россия махсус хизматлари томонидан йўқ қилингани ҳақида хабар берилганди. Уларнинг ҳалок бўлиши Россия Федерацияси ва Қозоғистон муносабатларига таъсир қилмайди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди.
"Йўқ, бу таъсир қилмайди," деган у мухбирнинг тегишли саволига жавоб бериб.
Ўтган ҳафта Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Россияда теракт тайёрлашда гумон қилинган республиканинг икки фуқаросининг ўлими юзасидан терговни бошлаган.
“Оммавий ахборот воситаларида Россия хавфсизлик кучлари томонидан Россия Федерацияси ҳудудида теракт уюштиришга уриниш чоғида Қозоғистоннинг икки фуқароси йўқ қилингани ҳақидаги маълумотлар чоп этилди. Бу шахсларнинг Қозоғистон фуқароси экани ва Россияга чиқиб кетгани тасдиқланди”, дейилади Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси хабарида.
Шунингдек, қўмита текширув мавжуд ҳамкорлик каналлари доирасида Россия Федерал хавфсизлик хизмати билан яқин алоқада амалга оширилаётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, отишма 7 март куни эрталаб Коряково қишлоғида содир бўлганди. Терактни режалаштиришда гумон қилинган икки шахс – Қозоғистон фуқаролари 35 ёшли Собит Аширалиев ва 32 ёшли Жанибек Таскулаев йўқ қилинган. Улар “Вилояти Хуросон” гуруҳи аъзолари бўлган.
Live
Барчаси