Москвада 100 га яқин ўзбекистонлик маошини ололмаётгани аниқланди
Олам
−
15 Апрель 2022
6710Россия пойтахти Москвада “Динамик Групп” компаниясида ишловчи 100 га яқин Ўзбекистон фуқароси маоши тўлаб берилмаяпти. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг йилнинг 4 февраль куни Москва шаҳрида жойлашган “Динамик Групп” компаниясида ишлаётган 100 нафарга яқин ўзбекистонликдан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонасига иш берувчи томонидан ойлик маоши ўз вақтида берилмаётгани юзасидан мурожаат келиб тушган.
Ўрганишлардан маълум бўлишича, ушбу компанияга ўзбекистонликлар мустақил равишда ишга жойлашган. Иш берувчи вакиллари билан олиб борилган музокаралар натижасида 2021 йил декабрь ойи учун иш ҳақлари тўлаб берилган ва 2022 йил январь ойи учун иш ҳақлари март ойида тўлиб берилиши ҳақида ваъда олинган.
Жорий йилнинг 16 март куни вазият қайта мониторинг қилинганда иш берувчи томонидан берилган ваъда бажарилмагани маълум бўлган. Шундан сўнг, Ваколатхона томонидан иш берувчи ташкилот устидан Москва шаҳри Солнцево тумани бўйича туманлараро прокуратурасига мурожаат қилинган.
Таъкидланишича, фуқароларнинг бир қисми ушбу ташкилотга меҳнат шартномаси тузмасдан ишга жалб қилинган ва патент аванс тўлови учун банкдан микроқарз олган.
“Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда ҳамда Ваколатхона томонидан "Роструд", шаҳар прокуратураси, Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиш учун қўшимча маълумотлар тайёрланмоқда”, дейилади агентлик хабарида.
LiveБарчаси