Москва вилоятидаги ҳарбий заводда портлаш юз берди (видео)
Олам
−
09 Август 2023
7016Россиянинг Москва вилоятидаги Сергиев Посад шаҳрида портлаш юз берди. Бу ҳақда фавқулодда хизматларга таяниб ТАСС хабар берди.
Айтилишича, портлаш оптик-механика заводи ҳудудида содир бўлган. Воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ва шаҳар округи раҳбари Дмитрий Акулов етиб борган. Яқин кунларда у ерга Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв ҳам бориши кутилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, портлашга дрон сабаб бўлмаган. Фавқулодда вазиятлар хизмати ҳодиса оқибатида 11 киши жабрланганини маълум қилган. Бироқ бошқа манбаларда, хусусан, “Маш” ва “Shot” Telegram-каналларида жабранганлар сони мос равишда 18-20 киши эканини ёзилган.
“112” Telegram-канали эса портлаш пиротехника воситалари сақланадиган омборхонада содир бўлганини хабар берган. Фавқулодда хизматлар ҳам буни истисно қилмаган.
Воқеа жойидан олинган фотосуратлар ва видеоларда қуюқ тутун тарқалаётгани кўринади. Гувоҳларнинг айтишича, портлаш қўшни бинолар деразаларининг синишига олиб келган.
Маълумот учун, портлаш бўлган завод 1935 йилда ташкил этилган. У "Швабе" холдинги таркибига киради. Завод замонавий инновацион корхона бўлиб, у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, саноат ва соғлиқни сақлаш учун оптик ва оптоэлектроника қурилмаларининг етакчи ишлаб чиқарувчиси саналади. Сўнгги пайтларда, хусусан, дозиметрик асбоб-ускуналар ва техник хавфсизлик ускуналари ишлаб чиқарилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Москва осмонида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан иккита дрон уриб туширилганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15