Монополияга қарши курашиш қўмитаси “Акфа” университетига ер ажратиш тўғрисидаги қарорга муносабат билдирди
Жамият
−
10 Июль 2020
8841Монополияга қарши курашиш қўмитаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига муҳокамага қўйилган “Акфа университетининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси бўйича ўз хулосаларини берди.
Унга кўра, ҳужжат лойиҳасининг айрим бандлари “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига зид ҳисобланади.
“Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Акфа университетининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (ID-19254) лойиҳаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Адлия вазирлигида 2019 йил 19 апрелда 3155-сон билан рўйхатга олинган Қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш методикаси асосида кўриб чиқилган.
“Акфа” университетига қарийб 30 гектар ерни доимий фойдаланишга бериш кўзда тутилган қарор лойиҳаси танқид қилинди
Қарор лойиҳасининг айрим бандлари Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида»ги қонуни талабларига зид бўлгани учун, лойиҳани қонун талабларига мослаштириш мақсадида қўмитанинг 2020 йил 26 июндаги 525/02-11-сонли хат билан вазирликка тегишли хулоса берилган”, дейилади қўмитанинг расмий баёнотида.
Маълум бўлишича, қўмита хулосасида “умумхалқ муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳасининг қабул қилиниши оқибатида бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликлар берилиши “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддаси, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ-5185-сон фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 31 майдаги ПҚ-3756-сонли қарори талабларига зидлигини инобатга олиб, қарорни мазкур қонунчилик ҳужжатлари талабларига мослаштирилгандан сўнг қабул қилиниши мақсадга мувофиқ ҳисобланиши” таъкидланган.
Аввалроқ Акфа университети фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид қарор лойиҳасида “Рақобат тўғрисида”ги қонун, солиқ ва ердан фойдаланишга оид қонунларнинг қатор нормалари бузилаётгани жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонига кўра, Монополияга қарши курашиш қўмитаси президент ва Сенатга ҳисобдор бўлиши белгиланганди.
Фармонда қўмита қуйидаги вазифаларни амалга оширишда бевосита президентга мунтазам равишда ахборот киритиб бориши кўрсатиб ўтилган:
– имтиёзлар, преференциялар ва фаолиятни амалга ошириш учун эксклюзив ҳуқуқлар шаклида кўрсатилаётган давлат кўмагининг самарадорлиги устидан давлат назоратини амалга ошириш ҳамда улар рақобат муҳитига салбий таъсир этган тақдирда, уларни бекор қилиш бўйича таклифлар киритиш;
– Молия вазирлиги билан биргаликда давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳамда алоҳида тартиб ўрнатилган стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналарнинг харидлари устидан давлат назоратини олиб бориш;
– давлат органларининг рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузувчи қарорларини бекор қилиш ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан чора қўллаш бўйича таклифлар киритиш;
– “картель” келишувлари ва тил бириктиришларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда аниқлаш ва уларга чек қўйиш;
– давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг ташкил этилиши устидан назоратни амалга ошириш.
LiveБарчаси