Молиявий пирамида бўлган Whats платформасига жиноят иши қўзғатилди
3-саҳифа
−
23 Октябрь
5129Ўзбекистонда одамларни видео кўриш орқали пул ишлашга ишонтириб, уларни чув туширган Whats платформаси ташкилотчиларига жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаролар ишончига кириб, пулларини қисқа муддатга икки бараварга кўпайтириб беришни ваъда қилган ҳолда Whats номи билан молиявий пирамида ташкил этган шахслар аниқланган. Whats асосчилари платформада “қадамларни” (steps) сотиб олиш учун 120 доллардан 17 минг долларгача пул тикишни, ҳар бир таклиф қилинган иштирокчи учун 12 фоиз бонусга эга бўлишни, кунлик чет эл фильмларига лайк босиш орқали пул ишлашни таклиф қилган. Платформа тарғиботи YouTube, Instagram, Telegram сингари ижтимоий тармоқларда фаол олиб борилган. Турли вилоятлардаги маҳаллий блогерлар ва вайнерларнинг Whatsʼга жалб қилиш мазмунидаги видеолари эса ушбу платформани янада оммалаштирган.
Олиб борилган тезкор техник тадбирлар натижасида ушбу тармоқли фирибгарлик платформасини ташкил этган ҳамда уни бошқа вилоятларда оммалаштириш билан шуғулланган ҳолда кўплаб фуқароларнинг пул маблағларини ўзлаштирган шахслар аниқланган.
Билдирилишича, Whats платформаси ташкилотчилари ҳамда уни молиялаштирган шахслар борасида ИИВ тезкор қидирув департаменти, Киберхавфсизлик маркази ҳамда жойлардаги бўлимлар ходимлари ҳамкорлигида олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида Бухоро шаҳрида жойлашган Марказий савдо мажмуасининг 2-қаватида “Whats Bukhara” МЧЖни ташкил қилиб, фуқароларга ушбу платформага аъзо бўлиш жараёни, унда пул ишлаш имкониятлари ва бошқа йўналишларни тарғиб қилиб келган 1994 йилда туғилган шахс аниқланган.
Whats платформаси Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ҳам кўплаб маҳаллий блогерлар томонидан тарғиб қилиб келинган. Фирибгарлар Whats аъзолари сонини кўпайтириш мақсадида келиб тушаётган пуллардан тез-тез зиёфатлар ташкил қилиб, муҳтожларга кўмаклашган лавҳаларини кенг тарзда ёритиб борган.
Вазирлик хабарига кўра, жорий йилнинг 22 август кунидан ҳозиргача Whats платформаси бўйича ички ишлар органларига жами 500 нафардан зиёд фуқародан мурожаат келиб тушган. Уларнинг зарари миқдори дастлабки маълумотларга кўра, 4 миллиард сўмни ташкил қилган.
Ҳолат юзасидан ИИВ Тергов департаменти томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм вилоятида, айниқса, оммалашган AIF платформасининг фаолияти ўрганилиб, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 188-1-моддаси 3-қисми “а,в” бандлари (Пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноят иши қўзғатилганди.
Шунингдек, жиноий ҳодисани ва жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсларни аниқлаш, шунингдек, тергов жараёнини тез ва сифатли амалга ошириш мақсадида вилоят ички ишлар органларининг малакали терговчиларидан иборат тергов гуруҳи тузилганди.
LiveБарчаси