Мол-мулк ва даромадлар декларацияси бўйича алоҳида қонун тайёрланади – Баҳром Қўчқоров
Жамият
−
11 Июнь 2020
8509Ўзбекистонда барча давлат хизматчиларининг даромадлар декларацияси бўйича алоҳида қонун ҳужжати ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Адлия вазирининг ўринбосари Баҳром Қўчқоров “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган брифингда айтиб ўтди.
Қўчқоров мазкур қонуннинг муҳокамаларга сабаб бўлган 3 ва 18-моддалари юзасидан тушунтириш берди.
“Қонуннинг муҳокамаларга сабаб бўлган айрим жиҳатларига тўхталиб ўтсак. Қонуннинг 3-моддасида шундай дейилганки: қонун нормалари айрим тоифадаги давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми хусусиятларидан келиб чиқиб, қонун нормалари уларга тўлиқ ёки қисман татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилган. Бу жуда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Лекин битта нарсани тушунтириб ўтишим керак. Бу тоифалар ким? Нега бу уларга татбиқ қилинмайди, деяпмиз? Қонуннинг номидан келиб чиқдик “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” яъни, фуқаролик деган сўз турибди. “Давлат хизмати” кенг қамровли тушунча, лекин “Давлат фуқаролик хизмати” бу бошқа хизмат. Яъни профессионал давлат хизматчилари тўғрисида.
Халқаро тажрибада давлат хизмати асосан икки тоифага бўлинади: фуқаролик хизмати ва сиёсий хизматчилар. 3-моддада истисно қилинган мана шу тоифа бу сиёсий хизматчилар ҳисобланади. Депутатлар, судьялар буларни тайинлаш, уларнинг мажбурияти умуман бошқача. Бу қонун талабларини судья ва депутатларга татбиқ қилолмаймиз. Депутат сайланади. Унга нисбатан аттестация қилиш, карьеравий ўсиш деган нарса йўқ. Депутат бошқача мақомга эга. Бу умуман давлат хизматида алоҳида категория ҳисобланади. Судьялар ҳам шундай”, деди Баҳром Қўчқоров.
Шундан сўнг, вазирлик масъули қонунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, мудофаа, давлат хавфсизлиги органларида, дипломатик, божхона, солиқ ва қутқарув хизматида хизмат ўтаётган давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши белгиланаётганига изоҳ берди.
“Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, мудофаа ва бошқа органлар ҳам белгиланган модда бор. Улар алоҳида қонун билан тартибга солинади. Сабаби уларнинг мақоми, ваколати бошқача. Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги фармонларида булар алоҳида қонун билан тартибга солиниши белгилаб берилган. Бу бўйича алоҳида қонунларимиз бор, ўша қонунлар билан уларнинг ҳуқуқлари, мақоми тартибга солинади. Давлат хизмати тизими такомиллаштирилган даврда бу қонунчиликка ҳам ўзгартириш киритилади”, деди вазир ўринбосари.
Баҳром Қўчқоров қонунда Ҳукумат аъзоларига берилган истисно тўлиқ эмаслигини урғулаб, Конституция ва Вазирлар Маҳкамаси тўғрисидаги ҳамда бошқа қонунларда назарда тутилмаган бандлар бўйича бу қонун (Давлат фуқаролик хизматлари тўғрисида”ги – таҳр.) уларга татбиқ этилишини таъкидлади.
“Қонуннинг 18-моддасида давлат хизматчиларининг даромадлар ва мол-мулк тўғрисида декларацияси топшириши белгиланган. Агар уни ҳам ўқийдиган бўлсак, декларация топшириш қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда амалга оширилади. Бу нима дегани? Декларация топшириш умумий қоида сифатида бу ерда белгиланяпти. Лекин бу алоҳида тартибга солинадиган масала. Декларация бўйича Президентимиз фармонларида умумий давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадини декларация қилиш тартибини босқичма-босқич жорий қилиш бўйича топшириқ бор. Бу бўйича алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишланяпти. Мана шу билан тартибга солинади. Халқаро экспертлар ҳам бу борада тавсия бериб, декларация қилиш тартибини алоҳида қонун билан белгилаш керак ёки коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида аксини топиши керак деган. Бу қонунда қисман ёритилган. Тўлиқ декларация тартиби йўқ бу ерда. Чунки у алоҳида жараён.
Бу нарса ҳаммага татбиқ қилинади. Фуқаролик хизматчисига бошқача, сиёсий хизматчига бошқача эмас. Бу коррупцияга қарши курашиш тизимининг алоҳида элементи ҳисобланади. Шунинг учун, бу ерда қисман акс эттирилган. Масалан, Ер кодексимиз бор. Ер кодексида ер солиғи тўлаш тартиби белгиланмаган. У солиққа алоқадор. Ҳамма нарсани бир ҳужжатга жамлолмаймиз, ёритиб беролмаймиз. Шунинг учун, айрим масалалар бошқа қонунлар билан тартибга солинади”, деди Баҳром Қўчқоров.
У ўз айтганларига мисол тариқасида Меҳнат кодексидаги нормалар билан депутат, судья ва Ҳукумат аъзоларини ишдан олиб бўлмаслигини кўрсатди. Бунинг учун Конституция ва алоҳида қонунлар борлиги таъкидланди.
LiveБарчаси