МОҚ Голландиянинг “Elsevier” компанияси билан ҳамкорлик қилади
Жамият
−
26 Апрель 2019
4003Кеча, 25 апрель куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Голландиянинг йирик “Elsevier” компанияси вакиллари билан семинар ташкил этилди. Мазкур йиғилишни МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов олиб борди. Шунингдек, унда “Elsevier” компаниясининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Алия Оспанова, МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази мутахассислари, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида тадқиқотлар олиб бораётган бир гуруҳ ёш олимлар, талаба ва магистлар, шунинигдек, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
“Мен Ўзбекистон спорти илмий соҳада ҳам юксаланаётганидан хурсандман. Ишончим комилки, спорт соҳасида фаолият олиб бораётган илмий ходимларимиз бундай ҳамкорлик натижасида ўзларининг билим ва кўникмаларини оширган ҳолда бутун дунёга олиб чиқишади. Бу борада биз уларга ёрдам беришга тайёрамиз”, деди Жасур Матчанов.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон МОҚ ва “Elsevier” компанияси мутасаддилари ўртасида ўзаро стратегик ҳамкорлик бўйича “Спорт ва илм-фан” меморандуми имзоланди.
“Мазкур ҳамкорлик спортчиларни йирик халқаро мусобақаларга тайёрлаш ва юқори натижаларга эришиш, қолаверса, спорт илм-фанинининг ривожини янги чўққига олиб чиқиши билан аҳамиятли. Меморандум жисмоний тарбия ва спорт соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт университетига мутахассислар етказиб бериш, мамлакатингизда спорт медицинасини ривожлантириш каби истиқболли дастурларни ўз ичига олади. Шунингдек, МОҚ билан WADA, FIFA, AIBA ва бошқа йирик спорт ташкилотларининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда спортни методологик ривожлантириш соҳаси ҳам меморандумда кўрсатиб ўтилган ва Ўзбекистонда ушбу йўналишларни ривожлантиришни кўзлаганмиз”, деди Алия Оспанова.
Тадбир давомида Ўзбекистондаги спорт федерациялари, магистрлар, илмий-тадқиқотчилар ва шу соҳа мутахассислари учун дастлабки илмий семинар ташкил этилди.
Маълумот учун, Элзевир — жаҳондаги энг йирик тўртта илмий нашриёт-матбаа уйларининг бири ҳисобланиб, ҳар йили дунё бўйлаб нашр этиладиган барча илмий журналларнинг чорак қисми айнан унинг ҳиссасига тўғри келади.
Компанияга 1880 йили Голландиянинг Амстердам шаҳрида асос солинган. Шунингдек, компания Буюк Британия, АҚШ, Бразилия ва бошқа мамлакатларда ўз филиалларига эга.
Компания маҳсулотларининг обуначи-мижозлари сирасига бутун дунёдаги илмий-тадқиқот марказлари, университетлар, кутубхоналар, вазирликлар ва ташкилотлар, шунингдек Европа, Америка ва Осиёнинг хусусий корпорациялари киради.
Жаҳон бўйлаб 30 миллиондан ортиқ олимлар, талабалар ва турли соҳа мутаҳассислари нашриёт маълумотларидан фойдаланиш имконига эгалар. Компания томонидан 1 йилда 240 миллиондан зиёдроқ маълумот ва мақолалар интернет тармоғига жойланиб борилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь