Моди Киевда Зеленский билан учрашади

Олам

image

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди 23 август куни расмий ташриф билан Украинага боради. Бу ҳақда бугун, 19 август куни Украина Президенти Владимир Зеленский идорасида маълум қилди.

“Бу Ҳиндистон ҳукумати раҳбарининг икки томонлама муносабатлар тарихида давлатимизга биринчи ташрифидир”, дейилади хабарда.

Учрашувда Зеленский ва Моди икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, икки давлат ўртасида қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Ўз навбатида, “Bloomberg” ўз манбаларига таяниб, Моди “Вашингтон ва Москва ўртасидаги алоқаларни мувозанатлаш” ниятида эканлигини, Россия Президенти Владимир Путин ва Зеленский ўртасидаги хабарларни узатишга рози бўлганини, бироқ Украина ва Россия ўртасида “ҳар қандай шаклда тинчликни сақлашдан” бош тортганини ёзади.

“Bloomberg” агентлигига кўра, Ҳиндистон Бош вазири хавфсизлик нуқтаи назаридан Киевда бир неча соат бўлади ва унинг ташрифидан кейин жиддий баёнотлар бўлмайди. Агентлик манбаларига кўра, ушбу сафар давомида Ҳиндистон учун ҳарбий кемалар ва самолёт двигателларида ишлатиладиган газ турбиналари ишлаб чиқариш бўйича келишув муҳокама қилинади.

Март ойида Нарендра Моди ва Владимир Зеленский телефон орқали суҳбатлашган, унинг давомида Украина раҳбари Ҳиндистон Бош вазирини Украинага таклиф қилган. Улар июнь ойида Италиядаги G7 саммити доирасида учрашди. Ушбу учрашувда Моди “Ҳиндистон Россия-Украина урушини тинч йўл билан ҳал қилишни қўллаб-қувватлаш учун қўлидан келганини қилишда давом этишини” яна бир бор таъкидлади.

Нарендра Моди 8-9 июль кунлари Москвага ташриф буюрди ва у ерда Владимир Путин билан учрашди. 8 июль куни Россия қўшинлари Украинага, шу жумладан Киевдаги Охматдит болалар шифохонасига катта ҳужум уюштирди. Путин билан учрашувда Ҳиндистон Бош вазири Украинадаги урушни тўхтатиш ва мулоқот орқали тинчликка эришишга чақирди, шунингдек, Киев касалхонасида болаларнинг ўлими юзасидан “оғриқ ва даҳшат”ни билдирди.

“Бегуноҳ болалар ўлдирилганда, уларнинг ўлишини кўрсангиз, юрагингиз оғрийди ва бу азобга чидаб бўлмайди”, деди Моди.

Владимир Зеленский Модининг Москвага ташрифини танқид қилди.

“Дунёдаги энг йирик демократик давлат раҳбарининг Москвада дунёдаги энг ҳалокатли жиноятчини қучоқлаганини кўриш жуда катта умидсизлик ва тинчлик саъй-ҳаракатларига зарба бўлди”, деганди Зеленский ўшанда.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Украина Владимир Зеленский Нарендра Моди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг