Моддий ёрдам тарқатиш вақти аҳолиси жанжал кўтарган Сергели ҳокими лавозимидан олинди
Жамият
−
08 Август 2020
11678Тошкент шаҳрининг Сергели тумани ҳокими Бахтиёр Абдувоҳидович Шомуродов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
У маҳаллалар билан ишламаганлиги ва муҳтожлар рўйхатини шакллантиришда тизимли иш ташкил қилмаганлиги сабабли ишдан бўшатилган.
Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Мурод Исабоев туман ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Шомуродов Сергели тумани ҳокими вазифасини 2019 йил сентябридан бажаришга киришган эди. Бунга қадар у Яккасарой тумани ҳокими эди.
Маълумот учун, жорий йилнинг 30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга кўра, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига (“темир дафтар”) киритилган ва аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди. Бунинг учун 380 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Аммо моддий ёрдам тарқатишдаги тизимсизлик ёки тизимнинг нобоплиги сабаб Сергелидаги “Ҳумо” маҳалласида яшовчи аҳоли кўчага чиқиб масъуллардан адолат талаб қилди. Вазиятни шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бориб ўрганди, бироқ бу вақтда фуқаролар норозилиги акс этган видео интернетга тарқалиб бўлганди.
LiveБарчаси