Берганнинг бетига қарама, бермаганнинг... Сергелида кўчага чиққанларнинг дарди пул эмас – адолат!
Таҳлил
−
02 Август 2020
33021Пул жигардан бўлган дейишади. Шундай кунларда яшаяпмизки, бир қарич тупроқ, тўртта ақча учун соч юлиб, айюҳаннос соламиз. Кеча ҳам шундай бўлди. Сергелида Президент фармони билан тарқатилиши керак бўлган пуллар устидан чиққан жанжал, интернетни портлатди. Аёлларнинг дод-войи, эркакларнинг сўкиншию муштумзўрлиги дунёнинг нариги чеккасигача, ҳатто, океан ортигача етиб борди. Шармандали ҳолат! Аммо бу шармандали ҳолатдан кимнингдир овозини ўчириш, интернетга янада нафрат билан қараш орқали чиқмаслигимиз, аксинча, гапда эмас, амалда ўзгаришга тайёр бўлиб, шунга яраша хулосалар қилишимиз керак.
Аслини олганда, охирги вақтларда бундай видеоларни кўриб кўзимиз пишди, бетимиз қотди. Кўчада сайил ўтказилиб, ош тарқатилса ҳам жанжал, қий-чув, дўконга навбат бўлиб киришда ҳам ўрин талашиш, нафақа олишни-ку айтмай қўяверинг. Кўпчилигимизда ўзаро ҳурмат, кутиш, навбат олиш, чиройли муомала билан мурожаат қилиш маданияти ҳеч шаклланмади. Ўзимиз тўйсак ҳам, кўзимиз тўймади.
Бунда тўлиқ одамларни айблаб бўлмайди. Халқнинг оқ теракми, кўк терак деган қадимий ўйини бор. Давлат ва одамларни ҳам икки тарафда турган ўйин иштирокчиларига ўхшатиш мумкин. Одамлар давлатни айбласа, амалдорлар одамларни... Аслида одамлар нима бўлса, амалдор ҳам ўша. Амалдор нима бўлса, одамлар ҳам шунга мос. Энг ёмони, биз бунга баҳо бераётганда, вазиятдан ўзимизни айри тутиб, доим бошқаларни айблашга ўрганиб қолганмиз.
Сергелидан чиққан дод-войлар
Жорий йилнинг 30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу фармонда Қурбон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мутасадди идоралар томонидан шакллантирилган моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига (“темир дафтар”) киритилган ва аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилаларга Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди. Бунинг учун 380 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банки бир марталик моддий ёрдам пулларини моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхатларига киритилган оилаларга 15 августга қадар етказишга масъул бўлди. 31 июлдан ушбу пулларни жойларга етказиб бериш ишлари бошланди.
Ҳукуматда, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида, ҳатто, Бош прокуратура расмий сайтида йўналтирилган маблағлар одамлар қўлига бус-бутун етиб бориши бўйича қатъий назорат ўрнатилаётгани ҳақида қулоқни қоматга келтирувчи ҳайқириқлар бошланди. Орадан бир кун ўтар-ўтмас, вазият аслида қандайлиги Сергелининг “Ҳумо” маҳалласи мисолида интернет юзини кўрди. Унда одамлар шундоқ ҳам бир неча ойдан бери карантин сабаб уйда ўтиришга мажбур бўлаётгани, пул топмаётгани, шундай оғир вазиятда банклар уй учун кредит тўловини талаб қилаётгани, Президент фармони билан ажратилган пуллар эса ҳақиқий эҳтиёжманд оилаларга етиб бормаётгани баъзан дўқ, баъзан шикоят, баъзан дод билан тўкиб-солинади.
Оғир турмуш, рўзғор, бола-чақа дарди одамларни шу кўйга соляпти. Бунда уларни айблашдан йироқмиз. Ҳар кимнинг бошидан ўтказганини тўрт девори билади. Балки, ўз вақтида олинмаган чоралар уларни шу кўйга солаётгандир. Хўш, бу қайси чоралар эди?
Ижтимоий тармоқлар фармон чиққанидан икки-уч кун ўтар-ўтмас, қўлига пулни ололмаганлар ёки 1 миллионга имзо қўйиб, 500 минг олганларнинг шикоятлари билан тўлиб тошяпти. Уларнинг ҳаммасида асосий қаҳрамонлар – маҳалла раислари. Биз давлат бюджетидан чиққан пулларни ишонишимизга арзирмиди улар? Бугунгача қўйнидан тўкилса, қўнжига урган айрим кимсалар, оғир пайтда ҳам эски одатини ташлаётгани, кўпнинг ҳаққидан қўрқаётгани йўқ.
Эски ва самарасиз марказларни тугатиш керак
Маълумки, Ўзбекистонга коронавирус кириб келганидан кўп ўтмай, қийналиб қолган, ночор оилалар, боқувчисини йўқотган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор фуқароларни асосий рўзғор маҳсулотлари билан таъминлашни назарда тутувчи Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази иш бошлади. Аслида ушбу марказ фаолияти у қадар янги эмас. Бундан 10 йил аввал Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида юз берган миллатлараро низода минглаб ўзбеклар Ўзбекистон ҳудудига кириб келгандаёқ ушбу марказ тузилган эди. Бироқ, ўтган 10 йил давомида улар деярли ишламади. Пандемиянинг бошланғич даврида муҳтожларга ёрдам қўлини чўзаётганларга санитария-эпидемиология қоидалари ва карантин тартибидан келиб чиқиб, одамларга тарқатмоқчи бўлган маҳсулотларини ушбу марказга йўналтириш тавсия этилди.
Ўша вақтнинг ўзидаёқ марказ фаолияти ўтган даврларда замонавий технологиялар ва рақамлаштиришдан ортда қолгани сув юзига чиқди. Марказда ҳамма нарса одамларга боғланиб қолган эди. Бир гуруҳ волонтёрлар қўнғироқларни қабул қилади, иккинчи гуруҳ уни саралаб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг туман бўлимларига етказади. Туман бўлимлари масъуллари эса ҳар бир маҳалла билан боғланиб, қўнғироқ эгасининг ҳақиқатан кўмакка муҳтожлигини текширади ва шунга кўра хайриялар манзилга юборилади. Рўйхат ана шундай шакллантирилади. Биз бир неча йиллардан буён кечолмаётган бюрократиянинг нақ ўзгинаси. Энг қизиғи, орадан бир ҳафта ўтиб, маҳсулоти тугаганлар яна худди шу босқичдан ўтади. Бу эса йиллар давомида электрон рўйхатлаштириш тизими йўлга қўйилмаганидан, умуман ҳудудларда қанча эҳтиёжманд оила борлиги рўйхатга олинмаганидан, Марказнинг номи бор, ўзи йўқ бўлганидан далолат.
Афсуски, ушбу марказ фаолияти ҳам узоққа боргани йўқ. 50 кунлик довондан ўтди, яна тўхтади. Бироқ, карантин тўхтагани йўқ.
Янги бало, янги ҳаракат...
Орадан кўп ўтмади. Мамлакатда янги ҳаракатга старт берилди. Саховат ва кўмак. Номи ўта жарангдор бўлган бу ҳаракат бошланган илк кунлар Рамазон ойига тўғри келди ва бутун ОАВ ушбу ҳаракат ҳақида бонг урди. Савдо-саноат палатаси алоҳида брифинг ўтказди, журналистлар ва одамларга ушбу ҳаракатнинг мақсад ва муддаоси тушунтирилди. Унга кўра, ҳаракат доирасида кўнгилли тадбиркорларнинг хайр-эҳсон қилишлари ва унда ҳамкор ташкилотлар ушбу эҳсонларнинг аниқ манзилли етиб боришини таъминлаши белгиланди. Эвазига тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга келишиб олинди. Бир ойлик “оламшумул реклом”лардан кейин “Саховат ва кўмак” ҳаракати ҳам сукунатга ғарқ бўлди. Унда олиб борилган ишлар, қилинган хайр-эҳсонлар, уларнинг кимларга етказиб берилгани бўйича маълумотлар берилмади, очиқ маълумотлар базаси яратилмади, рақамлаштирилмади.
Бу орада “Сардоба” сув омбори ёрилди. Офатга табиий омиллар сабаб бўлдими ёки техноген, бу ҳам сукунатга чўмган. Буни қўя турайлик, аммо ушбу фожиада минглаб одамлар зарар кўрди. Кўплар уйидан, мол-холидан айрилди. Янги хайр-эҳсон акцияси бошланди. Бу сафар ташкилотчи ҳам, ижрочи ҳам халқ! Кейинроқ, ҳокимликлар тизгинни қўлига олди. Одамлар вилоятлар, шаҳар ва туманлар марказларида ташкил этилган “Сардобага кўмак” марказларига топган-тутганини олиб келиб топширди.
Мазкур ишлар ҳам тизимлаштирилмагани, бошбошдоқлик ортидан қанча машмашалар келиб чиқди. Кимдир хайр-эҳсон йиғиб, халққа яхшилик қилгани, аммо давлат, хусусан ҳуқуқ-тартибот органлари уни қўллаб-қувватламаганини айтиб чиқса, яна бошқа биров “Сардобага кўмак” доирасида халқдан йиғилган пуллар, буюмлар ва маҳсулотлар фожиа жабрдийларига етиб бормаётганидан шикоят қилди. Доимгидек, ҳокимликлар Матбуот хизматлари ҳимояга, оқловга отланди. Миннатдор одамлар топилиб, видеога олинди, “ҳаммасини олдик, раҳмат”, тарзидаги ташаккурларга тўла видеолар тарқатилди.
Сабоқ чиқарилмайди, дарс олинмайди
Орадан кўп ўтмай, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев яна Сардоба туманига бориб, аҳоли вакиллари билан учрашди. Ҳар бир оилага 40 миллион сўм ва маиший техника буюмлари берилишини айтди. Давлат раҳбари ўша ерда тўпланган аҳолига буларни ўз қўли билан топширди. Президент Тошкентга қайтганидан икки кун ўтар-ўтмас яна гап-сўзлар болалади. 40 миллион сўм ва маиший техника буюмлари айтилганидек ҳаммага берилмаётганидан арз қилинди. Яна раддия берилди, яна одамларнинг ўзи айбдор қилинди.
Орадан шунча вақт ўтди, етарли сабоқ чиқариш мумкин эди. Аммо сабоқ олинмади. Ягона ТИЗИМ ҲАМОН ЯРАТИЛМАДИ.
Сергелидаги воқеа ҳам юқоридаги ҳолатлардан ҳеч қолишмайди. Президент фармони билан тарқатилиши керак бўлган пуллар ортидан можаролар аллақачон кучайиб, аланга олиб бўлди. Бизга етиб келгани пойтахти азимда. Вилоятларда бундан баттар аҳвол бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шу ўринда халқнинг талабида жон бор? У баъзи саволларни ўртага ташлашга мажбур қилади?
Хўш, мамлакатдан 400 минг моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оила қандай саралаб олинди? Қайси мезонлар асосида?
Уларни саралаб олиш кимга ишонилди, яна йиллар давомида ўзини оқламай келаётган, юқоридан келган ёғ-мойни ҳам аввал таниш-билишчилик чиғириғидан ўтказадиган маҳалла институтигами? Шу бугунгача асосий ишини “справка” ёзиб бериш ва вилоятлардан келиб, ҳеч қандай хат-ҳужжатсиз яшаётган “квартирант”ларни яшириш ортидан кун кўрган айрим маҳалла раисларигами? Ё маҳаллалардаги ҳолат билан умуман таниш бўлмаган, йиллаб ўз туманидаги маҳаллаларга бош суқмаган, фақат каттаконлар келганда бориб, ободонлаштиришни бошида турадиган ҳокимликлар масъулларигами?
400 минг оила ёки 1 миллион 700 мингдан зиёд муҳтожлар рўйхати қачонги ҳолатга кўра тузилган? Умуман Ўзбекистонда камбағаллик, муҳтожликни белгилашнинг аниқ мезони борми? У қандай белгиланяпти. Ҳақиқий аҳвол идоралардаги ҳужжатларга мосми? Буёғини сўрасангиз, ўтган 5 ойга яқин муддат ичида рўзғорини дурустгина тебратиб турган оилалар ҳам муҳтожга айланди, ахир. Хўш, бу рўйхат қачон ва ким томонидан тузилган?
Мамлакатда ўзини ўзи иш билан таъминлаганларнинг аниқ рўйхати мавжудми? Мавжуд бўлса улар қанча эди. Ўзини ўзи иш билан таъминлагану бугун карантин даврида рўзғорига бир сўм кирмаётган оилаларнинг қанчаси ушбу рўйхатдан ўрин олган? Ўтган йилнинг сентябрь ойидаги маълумотларга кўра, биргина пойтахтда 95 минг киши ишсиз, 285 минг киши эса ўзини ўзи норасмий равишда иш билан таъминлаган эди. Хўш, норасмий иш билан таъминлаётганларнинг ҳаммаси ҳам қўлида жарақ-жарақ пул ўйнатганларми? Йўқ, уларнинг асосий қисмини таксистлар, қатиқ, сут маҳсулотларини уйидан олиб чиқиб сотувчилар ёки рўзғоримга фойда бўлсин деб қандолат маҳсулотларини уйида пишириб сотган келинлар ташкил этган. Хўш, бугун уларнинг қанчасига ёрдам бериляпти? Ахборот технологиялари борасида етарлича ривожланган Тошкент шаҳар ҳокимлиги лоақал ушбу маълумотларнинг шаффоф бўлишини таъминлашидан умид катта эди.
Нега электрон рўйхат мавжуд эмас? Нима учун етказиб берилаётган маблағнинг қанчалиги ва қабул қилиб олувчининг маълумотлари очиқ маълумотлар базасида қайд этилмаяпти?
Биз ҳар сафар бошимизга янги иш тушганда янги фонд очиб, янги ҳаракат бошлашдан қачон тўхтаймиз? Қачон бугун бошлаган ишимиз бугунда қолиб кетмай, йиллар давомида давомли ва сифатли фаолият олиб боради. Бу худди чўлда уй қуришга ўхшайди. Чўлни биласиз, кучли шамолми, қум бўроними кўтарилса, бор-йўқни учириб кетади. Чўлда уй қуриб, томини ёпай деганингизда кўтарилган шамол уйингизни вайрон қилганидек, биз ҳар гал бошимизга келган бир ташвиш учун янги фондни ишга туширгунимизча, иккинчи бало ўз оёғи билан келиб турибди. У учун ҳам яна фонд, яна янги ғоя. Хуллас томи ёпилмайдиган уйлар қуришдан чарчамадик.
Кўплаб мамлакатларда хайриялар ва эҳсонларни мувофиқлаштиришда аллақачон одамлар иштирокидан максимум кечилган. Барчасини компьютер бошқаради. Сиз банк картангиз ёки нақд пулингиз орқали юборган эҳсон қайси ҳисобга бориб тушгани, бу ҳисобдаги маблағлар фалончи раҳбарга Malibu олишга эмас, айнан кўмакка муҳтожларнинг қайсидир эҳтиёжларини таъминлашга йўналтирилгани бўйича аниқ-тиниқ ҳисоботлар бериб борилади. Зотан кўпнинг мулкига нисбатан жавобгарлик бор. Хўш, бизда-чи? Бошимиздан шунча ишлар ўтса ҳам ахборотларни электронлаштириш ва очиқ, шаффоф тизимни йўлга қўйишга нима тўсқинлик қиляпти? Нафсимизми? Ҳатто, шундай оғир вақтларда санитария-гигиена учун ажратилган пуллар ҳам еб юборилаётганда 380 миллиард сўмни одамлар қўлига ишониб топшириб бўладими? Қолаверса, тан олиб айтиш керак, одамлар юқоридаги каби воқеалардан кейин марказлару фондларга хайрия қилишдан қочяпти. Пуллари муҳтожлар қўлига етиб боришига ишонмаяпти.
Куни кеча Бош прокуратура Президент фармони ижросини тўлақонли таъминлаш мақсадида махсус штаб тузилиб, аниқ тадбирлар белгилангани ҳамда ҳудудий прокурорларга алоҳида топшириқлар юборилганини маълум қилди. Совуққонлик билан ёзилган хабарда шундай дейилади:
“Прокуратура органлари томонидан бу борада амалга оширилаётган ишлар, шу жумладан белгиланган пул маблағларининг тўлиқ ва ўз муддатида манзилли етказилиши алоҳида назоратга олинди, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда қатъий чоралар кўрилиши таъминланади”.
Расмиятчиликдан қочайлик, одамларга кимнингдир жазоланиши эмас, аниқ тизим, натижа, амалдаги натижа керак. Прокуратурадан юқоридаги каби хабарларни кўп эшитамиз. Дорилар масаласида ҳам худди шундай бўлди. Дорилар нархининг сунъий ошиб кетиши, тақчилликнинг юзага келишида бош бўлиб турган, мамлакатда кириб келаётган дориларни элакдан ўтказаётганлар эмас, “охирги қўл” бўлиб дори сотаётган оддий чайқовчилик телевизорга олиб чиқиляпти, сазойи қилиняпти. Бу вақтда наҳанглар ишини доимгидек давом эттираётган бўлса, не ажаб.
Одамларга фалончи масъул шунча пулни талон-тарож қилган деган гаплар эмас, қўлига етиб борган дастмая қизиқ. Президент ҳам фармонни имзолаётганда халқнинг пулни қўлига олаётгандаги қувончини кўз олдидан ўтказган бўлса, ажаб эмас. Бироқ, ижро яна аниқ тизимга эмас, одамларга боғланиб қоларкан, шаффофликни кўп йиллар таъминлай олмай, унинг оқибатлари билан курашамиз.
АҚШдаги воқеалардан дарс олиш керак
Сўзим сўнгида май-июнь ойларида АҚШда бўлган воқеаларга тўхталиб ўтсам. Май ойида мамлакат штатлари бўйлаб ўтказилган намойишлар тўлалигича қоратанлиларнинг йиллар давомида тақҳирланиб келиши билан боғлиқмиди? Йўқ, ўша воқеаларни таҳлил қилсак, намойишчилар орасида оқ танлилар бўлганини ҳам кўрамиз. Уларнинг аксарияти эса карантинда уйда ўтириб зериккан, пули қолмаганидан давлатга, ҳукуматга нафрати ортган одамлар. Ана шу омиллар уларни кўчага чиқишга ундади. Йўқса, қора танлилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш иддаоси билан кўчага чиққанлар нега дўконларни бузиб кирди, нега озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни ўғрилади? Ҳуқуқ ҳимояси фонида аслида очликни қондириш ётгани кўпчиликка маълум эди.
LiveБарчаси