МХҚнинг собиқ раиси давлатга хиёнатда айбланмоқда

Олам

image

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари ташкилотнинг собиқ раҳбариятига нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича терговни якунлади, унинг собиқ раҳбари Карим Масимовнинг хатти-ҳаракатлари давлатга хиёнат ва ҳокимиятни мажбуран тортиб олиш моддалари бўйича квалификация қилинди. Бу ҳақда бугун, 25 август куни МХҚ матбуот хизмати хабар берди. 

“МХҚ қўмитанинг собиқ раҳбарияти К.К.Масимов, А.Т.Садиқулов, Д.Э.Эргожин, М.С.Осипов ва мансабдор шахслар Д.М.Акипов, Н.К.Бекмуратга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ишларини якунлади. Масимов ва Садиқуловларнинг қилмишлари Жиноят кодексининг 175-моддаси 1-қисми (“Давлатга хиёнат”), 179-моддаси 3-қисми (“Ҳокимиятни мажбуран тортиб олиш”) ва 362-моддаси 3-қисми 4-банди (“Ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш") билан квалификация қилинган”, дейилади хабарда. 

Унда қайд этилишича, Ергожиннинг ҳаракатлари “Ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш” ва “Ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш” моддалари, Осипов – “Ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш” моддаси, Акипов ва Бекмурат – “Ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш” моддаси бўйича квалификация қилинади.  

“Ҳозирда гумонланувчилар иш материаллари билан таништирилмоқда. Масимов ва Садиқуловни ҳибсда сақлаш муддати танишув муддатигача, яъни 6 октябргача, Ергожинни – 13 октябрга, Осиповни – 22 октябрга қадар узайтирилди”, дейилади қўмита хабарида. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Қозоғистонда тартибсизликларга айланган оммавий намойишлардан сўнг юқори мартабали махсус хизмат ходимларини ҳибсга олиш бошланди. Дастлаб Масимов Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари лавозимидан четлаштирилиб, давлатга хиёнатда гумон қилиниб, ҳибсга олинди, унинг ўрнига Сагимбаев тайинланди. Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг ўринбосарлари – Ануар Садиқулов ва Даулет Ергожин ҳам ўз лавозимларидан четлаштирилди. 13 январь куни Масимов ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга қаратилган ҳаракатларда ҳам гумон қилинаётгани маълум бо‘лди. Садиқулов ва Ергожиннинг ҳибсга олингани ҳақида ҳам айтилди. Кейинроқ, Масимов ва Садиқулов суд томонидан ҳибсга олинган ва иш “ўта махфий” тоифасига киритилган. 7 февраль куни Ергожин ҳам суд санкцияси билан ҳибсга олинган.

Масимовнинг уйи тинтув қилинганида 17,2 миллион АҚШ доллари миқдорида нақд пул, шунингдек, кўплаб ҳашаматли буюмлар аниқланган.

Масимов Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг узоқ йиллик ҳамкори ҳисобланган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Карим Масимов Қонли январь

Баҳолаганлар

38

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг