Мисрда поезд рельсдан чиқиб кетди. Қурбонлар бор
Олам
−
08 Март 2023
3645Кеча, 7 март куни Қоҳира шимолида поезд рельсдан чиқиб кетган. Оқибатда камида икки киши ҳалок бўлган ва 16 киши жароҳатланган.
Миср миллий темир йўллари баёнотига кўра, ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 19:20да содир бўлган. Поезд семафор сигналига жавоб бера олмаган ва буфер тўсиққа урилган. Бунинг оқибатида эса поезднинг бир қисми рельсдан ўтиб кетган. Ярадорларга ёрдам бериш учун воқеа жойига 20 га яқин тез ёрдам машинаси етиб келган.
Миср транспорт вазири Камел ал-Вазир ҳодисага нима сабаб бўлганини аниқлаш, айбдорларни топиш ва етказилган зарарни қоплаш учун қўмита тузишни буюрган.
Миср Ижтимоий бирдамлик вазирлиги эса ҳукумат ҳалок бўлганларнинг оилаларига 100 000 Миср фунти (тахминан 3 254 доллар) миқдорида пул таклиф қилишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Грецияда юк ва йўловчи поездлари тўқнашиб кетган, оқибатда 57 киши ҳалок бўлган эди. Фалокатдан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари авж олган эди.
LiveБарчаси