Поезд ҳалокатидан сўнг Афинада даҳшатли намойишлар авж олди (видео)
Олам
−
06 Март 2023
6697Кеча, 5 март куни минглаб талабалар ва темирйўлчилар Афина марказида норозилик намойиши ўтказди. Полиция ва бир гуруҳ намойишчилар ўртасида қисқа муддатли тўқнашувлар бўлиб ўтган. Намойишчиларнинг кичик бир гуруҳи полицияга қарата бомбаларни улоқтирган, полиция эса кўзни ёшлантирувчи газ ва шовқинли гранаталар билан жавоб берган. Кейин намойишчилар яқин атрофдаги кўчаларга тарқалиб кетган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Шунингдек, намойиш иштирокчилари “уларнинг сиёсати инсон ҳаётига қимматга тушди” деб ёзилган плакатлар кўтариб, шаҳар кўчаларини кезган ҳамда осмонга қора шарларни учириб, “бу жиноят унутилмайди”, деб ҳайқирган.
Ўз ўрнида, бахтсиз ҳодисада ҳамкасбларини йўқотган темирйўлчилар ҳам намойишларда иштирок этган. Улар Грециянинг 2010 - 2018 йиллардаги оғир инқирознинг мероси бўлган темир йўл инфратузилмасига харажатларнинг қисқартирилиши ва кам инвестиция киритилишини қоралаш учун навбатма-навбат чиқишлар уюштирган. Чиқишларда темир йўл тармоғида хавфсизлик тизимлари узоқ йиллар давомида нуқсонли бўлиб келгани, чунки масофавий кузатув ва сигнализация тизими ўз вақтида етказиб берилмагани айтилган. Темирйўл касаба уюшмалари ҳукуматни хавфсизлик протоколларини амалга ошириш жадвалини тақдим этишга чақирган.
Мамлакат Бош вазири Кириакос Митсотакис эса дастлаб ҳалоеатга инсон хатоси сабаб бўлганини айтган. Бироқ кеча, 5 март куни узоқ йиллардан бери азоб чекаётган темир йўл тармоғидаги фожиани биргина инсон хатосига боғлаб қўйиш мумкин эмаслигини айтиб ўтди.
“Бош вазир сифатида мен ҳаммадан, энг аввало, қурбонларнинг қариндошларидан кечирим сўрашим керак. Адолат фожиани жуда тез тергов қилади ва жавобгарликни белгилайди”, деб ёзган Бош вазир Facebook'даги саҳифасида.
Митсотакиснинг айтишича, агар темир йўл тармоғида масофавий тизим мавжуд бўлганида, амалда авария содир бўлиши мумкин эмас эди. Шунингдек, у тез орада чора кўришини ҳамда Афина Европа комиссияси ва бошқа мамлакатлардан темир йўл хавфсизлигини яхшилаш бўйича экспертиза олишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Грецияда пойтахт Афинадан шимолий Салоники шаҳрига кетаётган, асосан талабалар бўлган йўловчи поезди юк поезди билан тўқнашиб кетган, оқибатда 57 киши ҳалок бўлган эди. Поездлар тўқнашуви ортидан транспорт вазири Костас Караманлис истеъфога чиққан эди. Мазкур фалокат халқнинг ғазабини қўзғатган ва 10 минглаб кишилар мамлакат бўйлаб намойишга чиққан. Кейинчалик Ларисса шаҳрида темирйўл станцияси бошлиғи эҳтиётсизлик туфайли одам ўлдиришда айбланиб, қўлга олинганди.
LiveБарчаси